Россиялик телебошловчи Ксения Собчакнинг президентлик сайловларига ўз номзодини қўйиши ҳақида эълон қилганидан сўнг ўтказган биринчи матбуот анжуманида маълум қилишича, унинг энг асосий мақсади – сайловларнинг ҳозирги тизимини синдириш. Унинг сўзларига кўра, улар «юқори бюджетли шоу»дир. Бу ҳақда РБК хабар бермоқда.

«Мен ҳозир нима юз бераётганини яхши тушуниб турибман, - бу сайловлар эмас, бу сайловларга ўхшаш нарса. Биз ҳозир кўраётган нарса, - бу кўпроқ қандайдир юқори бюджетли шоудир. Шу билан бирга, мен профессионал сифатида айтишим мумкинки – у жуда паст сифатга эга», - деди Собчак.

Собчакнинг аниқлик киритишича, узоқ йиллар давомида шоу-бизнесда ишлаган ҳамда унинг қонунларини тушунади. «Менинг вазифам – бу шоуни тўнтариб ташлаш. Менинг вазифам – ўзимнинг ўйин қоидаларимни ўрнатиш», - дея аниқлик киритди у. Собчакнинг қўшимча қилишича, режалаштирилаётган президентлик сайловлари «ҳақиқий умумхалқ референдумига айланиши, унда «ҳаммага қарши» банди жуда кўп инсонларни тўплаш бўйича ўзига хос нуқта бўлиши» лозим.

Собчак журналистларга ўзининг сайлов штаби раҳбарини таништирди. Бу лавозимни журналист ва сиёсатшунос Игорь Малашенко эгаллади. У олигарх Владимир Гусинский НТВ эгаси бўлганида, телеканал раҳбарларидан бири эди.