2017 йил 20 октябрь куни Марказий Осиёдаги энг катта китоб савдо мажмуаси бўлган Тошкент шаҳрида жойлашган "Китоб олами" дўконида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ва ёзувчи Муҳаммад Исмоил қаламига мансуб китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу анжуман ҳақида Туркиянинг TRT Avaz телеканалида лавҳа тайёрланди. 

"Гапнинг қисқаси яхши" ҳамда "Атрофингда мен сарсон" номли китобларнинг тақдимот маросимида шоирнинг дўстлари, китобсеварлар ва шеърият шайдолари иштирок этдилар. 

Хусусан, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон, Бобур Бобомурод, таниқли сухандон Раҳимбой Жуманиёзов, Толибжон Исроилов, Аҳроржон Қўшматов, "Ижод олами" журнали бош муҳаррири Бахтиёр Ҳайдаров, "Ишонч" газетаси бош муҳаррири Жаҳонгир Шарофбоев, таниқли журналист Жасур Ҳамроев ва яна бир қанча ОАВ ходимлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, таниқли хонандалар иштирок этишди. 

Анжуман сўнгида шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг севимли шеърларини мухлисларга ўқиб берди, янги китобларини ўқувчиларга совға қилди. Адабий кечада ёш хонанда Нодирбек Асатуллаев шоир Муҳаммад Исмоил шеърлари билан айтиладиган қўшиқлардан ижро этди.