Каталония раҳбари Карлес Пучдемон бугундан минтақа озод ҳудуд эканини маълум қилди.

«Каталония ҳамиша бор бўлган ва у озод бўлади. Ҳукумат халқнинг хизматида. Оғир дамларда ҳам ва байрамларда ҳам бирга бўлади», — дея ёзган у ўз твиттерида.

У шунингдек, Европа кенгаши раиси Дональд Тускнинг баёнтига муносабат билдирди. Туск бироз аввалроқ ЕИ Испания билан бу масалада музокараларни давом эттиришини ва Испания ҳукумати куч ишлатмаслигига умид қилишини билдирганди.

«Маълумингизким, каталонияликлар ҳамиша ушбу кучларни афзал кўради: #тинчлик, #демократия, #мулоқот», — дея қайд этган Пучдемон.

Бугун, 27 октябрь куни Каталония парламенти минтақа Испаниядан мустақил бўлганини расман тасдиқлайдиган резолюцияни имзолади. Бир соат вақт ўтиб Испания Сенати Конституциянинг 155-моддасини қўллашни маъқуллади. Бу моддада мухтор ҳудуд мамлакатдаги тартибга дахл қилган пайтда мухторият ҳуқуқи тўхтатилиши белгиланган. Шу тариқа, сенат Каталония мухторияти раҳбариятини ҳокимиятдан четлаштириб, минтақада Мадриднинг бевосита бошқарувини жорий этиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди.