Каталония ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари - Mossos d`Esquadra’нинг янги раҳбари этиб аввал бу маҳкамада иккинчи лавозимни эгаллаган Ферран Лопес тайинланди. Бу ҳақда Испания ИИВ баёнотида айтилади.

Лопес маҳкамасининг ҳудудий мувофиқлаштириш бўйича олий комиссари лавозимини эгаллайди.

Шанба куни эрталаб Каталония полицияси раҳбари Хосеп Луис Траперо лавозимидан четлаштирилгани маълум бўлди. Испания ИИВ баёнотида айтилишича, бундай қарор «у бўлиб турган юридик вазият» билан боғлиқ. Траперога нисбатан суд суриштирувлари олиб борилмоқда, улар исён билан алоқадор жиноятларга боғлиқ. Испания Миллий суд палатаси судьяси дастлабки чора сифатида ундан паспортни олиб қўйиш, мамлакат ҳудудини тарк этишни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Бундан ташқари, у ҳар 15 кунда судга келиши лозим.

Шунингдек, Каталония ички ишлар бош котиби Сесар Пуиг ва женералитет полицияси бош директори Пере Солер ҳам ўз лавозимидан айрилган. Бу ҳолатда истеъфолар уларнинг сиёсий ҳаракатлари билан боғлиқ, дейилади Испания ИИВ томонидан тарқатилган ҳужжатда.

Ички ишлар котибиятига Испания ИИВ техник бош котиби Хуан Антонио Пуигсервер раҳбарлик қилади. Полиция бош директори лавозими эса бўш қолмоқда – ваколатлар ички ишлар котибияти ҳамда Mossos d'Esquadra раҳбарияти ўртасида тақсимлаб юборилади.

Шунингдек, Испания ИИВ «Mossos d´Esquadra ходимлари профессионаллиги тан олинишини» ҳам таъкидлаб ўтди. Бироқ «вазиятнинг ривожланишига қараб, лозим бўлган тақдирда Mossos d´Esquadra мамлакатнинг бошқа хавфсизлик кучлари билан алмаштирилиши мумкин».

Каталония ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шанба куни оддий режимда ишлашаётгани ҳақида маълум қилишди. «Одамлар хавфсизлигини ҳимоя қилиш ҳамда кафолатлаш – бизнинг устувор мақсадимиз. Оддий режимда ишлашни давом эттирмоқдамиз», - дейилади маҳкаманинг Twitter’даги хабарида.