1997 йил куз ойларида Россия ва Италия терма жамоалари Францияда ўтказилиши режалаштирилган мундиалга йўлланмани қўлга киритиш учун ўзаро баҳслашадиган бўлди. Москвада ўтказилган ўйиннинг биринчи қисмида италиялик дарвозабон Жанлука Палюка жароҳат олиб, ўз ўрнини ёш Жанлуижи Буффонга бўшатиб беришга мажбур бўлди.

Буффон у пайтда энди 19 ёшни қаршилаган, «захирадаги дарвозабон» мақомидан халос бўлишни кутиб турган умидли ўйинчилардан бири эди. Учрашув якунида жамоалар 1:1 ҳисобдаги дурангга имзо чекди. Кристиан Виера ва Фабио Каннавваро йўналтирган тўп дарвоза тўридан жой олган. Тўғри, бу иккиси ҳам итальян футболчилари, аммо Каннавваро ўшанда ўз дарвозасини ишғол қилганди.

Борис Игнатьевда пайдо бўлган умид кейинчалик пучга айланди. Италиялик футболчилар жавоб учрашувида муносиб равишда ҳаракатланиб, ўйиндаги ягона голга муаллифлик қилишди.

Орадан ропа-роса 20 йил ўтди, Буффон эса 40 ёшни қаршилаш арафасида, аммо у Италия терма жамоаси сафида 173та ўйинда иштирок этган ва бир нечта рекордларни янгилаган футболчи сифатида яна бир бор дунёнинг энг яхши дарвозабони дея эътироф қилинди.

2018 йил ёзда Буффон яна бир марта Россияга ташриф буюради.