21 декабрдан, яъни Испания ҳукумати қарори билан минтақада муддатидан аввалги парламент сайловлари бўлиб ўтадиган кундан Каталония аҳолиси эркин фикр билдириши мумкин. Бу ҳақида якшанба куни Пириней қироллиги бош вазири Мариано Рахой маълум қилди. 

Ҳукумат раҳбари Twitter'да Испания бирлигини қўллаб-қувватлаш намойиши суратлари билан бўлишди. "Қонун доирасида келишув, биргаликда яшаш, эҳтиёткорлик, демократия ва мулоқот, - деб ёзди Рахой. - Барчамиз - Каталониямиз. 21 декабрда каталонияликлар эркин ва кафолатли фикр билдиришади", - қўшимча қилди бош вазир.

Жума куни минтақа парламенти мустақил республика деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни тасдиқлади. Сенат, ўз навбатида, конституциянинг бундан олдин ҳеч қўлланмаган 155-моддасини амалга оширишга доир сўровини маъқуллади. У Каталониянинг ўз-ўзини бошқаришини чеклаш имконини беради.

Шундан сўнг Рахой Каталония раҳбари Карлес Пучдемон ва унинг ҳукумати аъзоларини лавозимларидан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди. Бундан ташқари, бош вазир Каталония парламентини тарқатиб юборди ва 21 декабрни автоном ҳамжамиятда сайловлар куни деб белгилади.

1 октябрь куни минтақада қироллик таркибидан чиқишга доир овоз бериш жараёни бўлиб ўтди. Унда овоз бериш ҳуқуқига эга 5.31 миллион каталонияликдан 2.28 миллиони иштирок этиб, 90.18 фоиз иштирокчи мустақиллик учун овоз берди. Мадрид бу референдумни ноқонуний деб ҳисоблаб, унинг натижаларини тан олишдан бош тортмоқда.