Испания ҳукумати Каталониянинг собиқ раҳбари Карлес Пучдемонга сиёсий фаолиятини давом эттириб, навбатдаги сайловга ўз номзодини қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Би-би-си» Вазирлар Маҳкамаси вакили Иньиго Мендеса де Вигога асосланган ҳолда хабар тарқатди.

28 октябрь куни Мадрид Каталония парламентини тарқатиб юбориб, Пучдемонни истеъфога чиқарганди. Мухторият парламенти учун сайлов 21 декабрь куни бўлиб ўтиши белгиланган.

«Каталонияликлар кейинги йиллардаги воқеалардан кейин нималарни ҳис қилаётганини билдиришлари мумкин. Жумладан, қонун бузилиши ва ўзни қонундан устун қўйиш оқибатлари ҳақида ҳам», - деган Мендес де Виго сайловлар вақти белгиланганидан кейин.

Пучдемон эса ҳокимиятдан четлатилгач, Каталония аҳолисини Мадриднинг тўғридан-тўғри бошқарувга ўтишига нисбатан демократик йўл билан қаршилик кўрсатишга ва озод мамлакат қуриш учун ҳаракатларни давом эттиришга чақирди.

Испания 1 октябрь куни Каталонияда мустақиллик референдуми туфайли сиёсин инқироз ҳолатига тушди. Референдумда қатнашганларнинг 90 фоиздан ортиғи  Каталония мустақиллиги учун овоз берганди. Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, референдумда сайлов ҳукуқига эга аҳолининг 43 фоизи иштирок этди.

Каталонияда мустақиллик ҳаракатлари давомида бир неча марта митинглар бўлиб ўтди. 29 октябрь куни эса ажралишга қарши гуруҳ вакиллари кўчаларга чиқиши кутилмоқда.