Америкалик олимлар Калифорния соҳилларида минглаб акулаларнинг ўлимига сабаб бўлган паразитни аниқлашди. Бу ҳақда National Geographic хабар бермоқда. 

2017 йилда минглаб акулалар ўзларини соҳилларга отишлари ва бунинг оқибатида сувсизланиб ҳалок бўлишлари ҳолатлари қайд қилинди. Акулалар ўзларини нима учун бундай тутишлари сабаби маҳаллий илмий жамғарма вакиллари бир неча ҳалок бўлган акулани Калифорниядаги балиқ хўжалиги ва табиий захиралар департаментига жўнатишмагунча сир бўлиб қолаётганди. 

Департамент мутахассислари жўнатилган акулаларнинг миясига қаттиқ зарар етганини аниқлашган. "Нимадир акулаларнинг миясига бурун тешиклари орқали кириб, уни еган. Оқибатда йиртқичлар ориентацияни йўқотиб, ўзларини соҳилга отиб, сўнгра ҳалок бўлганлар", деб айтилмоқда мақолада.

Сан-Францискодаги Калифорния университети олимлари акулалар орқа мияси суюқлиги намуналарини олишган. Молекуляр экспертиза эвазига улар акулаларнинг миясини  Miamiensis avidus деб номланувчи паразитлар еганини аниқлашган. Бу паразитлар бошқа денгиз жонзотларида ҳам юқоридагидек аломатларни келтириб чиқаради.

Олимларнинг фикрича, акулаларнинг бу касалликка чалинишини мўл ёмғирлар юзага келтирган. Ёмғирлар оқибатида денгиз суви шўрлиги камайган. Акулалар яшаш муҳити кимёвий таркибининг ўзгариши уларнинг иммунитетини заифлаштириб, уларни паразитлар учун осон ўлжага айлантирган.