Бугун, 31 октябрь оқшомида Европа яшил майдонларида Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг навбатдаги, 4-тур ўйинларига старт берилади. Умуман, тўртинчи тур кўп жиҳатдан ҳал қилувчи ҳисобланади ва ҳатто мана шу турдан кейин 11 жамоа амалда кейинги босқич масаласини ҳал қилиб қўйиши ҳам мумкин.

Айнан бугунги ўйинларга эътибор қаратсак, биргина «Рома» – «Челси» тўқнашувини айтмаганда, асосан яққол фаворитлар ва аутсайдерлар бир-бирига рўбару келган. Демак, катта эҳтимол билан, бугун майдонга тушадиган гранд жамоалар ғалаба қозониб, кейинги босқич масаласини узил-кесил ҳал қилиши мумкин. Жумладан, «ПСЖ» Чемпионлар Лигасида энг кўп гол урган ва ҳали дарвозасини дахлсиз сақлаб келмоқда, «Манчестер Юнайтед» ва «Барселона» ушбу мавсумда барча мусобақаларда ўз майдонидаги барча ўйинларни ғалаба билан якунлаган, «Бавария» янги мураббий қўл остида ҳамма ўйинларни ютмоқда – яъни бу жамоаларнинг айнан бугунга келиб, бошқачароқ натижа қайд этишларига ишониш мушкул.

Келинг, ўйинлар олдидан бугун бўлиб ўтадиган гуруҳлардаги вазият ва жамоаларнинг имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

А гуруҳи

Инглизларни енгиб бўлмайдими?

Кейинги йилларда инглиз клублари ЕЧЛда узоқроққа бориши ноёб ҳодисага айланаёзганди. «Челси»нинг 2011/12 йилги мавсумдаги чемпионлигидан буён Англиянинг ҳеч қайси клуби турнир финалига чиқмади. Лекин бу мавсумда ўзгаришлар бор. Англиядан бу мавсумда ЕЧЛда 5 жамоа қатнашмоқда ва ҳали уларнинг ҳеч бири ютқазмади. Инглизлар иштирокидаги 15 ўйинда 11 ғалаба ва 4 дуранг қайд этилган, тўплар нисбати 44-11. Шу кунларда инглизларнинг яна бир жамоаси Англия U-17 терма жамоаси ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионати финалида испаниялик рақибларини тор-мор этишди (5:2). Кўринишидан Туманли Альбионда футбол ренессанси рўй бермоқда.

Сешанба кунги ўйинларда «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» инглизларнинг статистикасини сақлаб қолишга ҳаракат қилишади. Лондон жамоаси ўтган турда «Стэмфорд Бриж»да «Рома»га қарши ўйинда 2:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олмаган, ўйин 3:3 ҳисобида якунланганди.

«Қизил иблислар» бугун «Бенфика»ни қабул қилади. Португалларга ғалаба жуда зарур, улар энди Европа Лигаси учун курашишмоқда, аммо манкунианлар «Олд Траффорд»да бир йилдан ортиқ вақтдан буён мағлуб бўлмаган, охирги мағлубият 2016 йилнинг 10 сентябрида «Манчестер Сити»га қарши ўйинда рўй берган - 1:2.

БАЗЕЛЬ – ЦСКА
Базель. «Санкт-Якоб Парк» стадиони. 00.45 (Матч ТВ)

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – БЕНФИКА
Манчестер. «Олд Траффорд» стадиони. 00.45 (Матч Футбол 1).

  • «Манчестер Юнайтед» агар бугун ғалаба қозонса-ю, «ЦСКА» «Базель»ни юта олмаса, Моуриньо шогирдлари плей-офф масаласини ҳал қилган бўлади. «Базель» ғалаба қозонадиган бўлса, «МЮ»га камида 2-ўринни нақд қилиши учун дуранг ҳам кифоя бўлади. 
  • «Базель» «ЦСКА»ни ютадиган бўлса, плей-офф йўлланмасини муддатидан олдин ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун манчестерликлар ўз майдонларида «Бенфика»га мағлубиятга учрамасликлари керак. 
  • Агар «ЦСКА» бугун мағлубиятга учраса-ю, «МЮ» мағлуб бўлмаса, армиячилар кейинги босқичга чиқиш имкониятидан буткул маҳрум бўлади.
  • «Бенфика» бугун «Олд Траффорд»да мағлубиятга учрайдиган бўлса, шу билан бирга «Базель» ҳам ютқазмаса, португалияликларнинг имкониятлари бутунлай тугайди. Агар «Базель» «ЦСКА»ни ютса, «Бенфика»ни бугун дуранг ҳам қониқтирмайди.

 

В гуруҳи

«ПСЖ» гол ўтказмаяпти, «Андерлеҳт» гол ура олмаяпти

B квартетидаги икки жамоа турнирнинг бошқа иштирокчиларидан ажралиб турибди. «ПСЖ» 3 турда ҳам гол ўтказмаган ягона жамоа, «Андерлеҳт» эса 3 турда ҳам рақиблар дарвозасини ишғол этмаслик бўйича «тенгсиз». Бельгиядаги ўзаро учрашувда французлар жамоаси йирик ҳисобда ғалаба қозонганди (4:0), шу туфайли Парижда ҳам анъана давом этиши ҳақиқатга яқин. Неймар дисквалификация туфайли Франция чемпионатининг охирги турида дам олди ва Барселонадаги дўстларини зиёрат қилиб келди. Энди у янги марралар сари тайёр. У ЕЧЛдаги энг яхши бразилиялик тўпурарга айланишга ҳаракат қилмоқда, бунинг учун у яна 7та гол уриши керак. Шунда у Какадан (30) ўзиб кетади.

ПСЖ – АНДЕРЛЕҲТ 
Париж. «Парк де Пренс» стадиони. 00:45 (Матч Футбол 2).

СЕЛТИК – БАВАРИЯ
Глазго. «Селтик Парк» стадиони. 00.45 (Матч Игра).

  • «ПСЖ» агар бугун ғалаба қозонса-ю, «Селтик» «Бавария»ни юта олмаса, парижликлар плей-офф масаласини ҳал қилади. «Бавария» ғалаба қозонадиган бўлса, «ПСЖ»га камида 2-ўринни нақд қилиши учун дуранг ҳам етарли бўлади. 
  • «Бавария» «Селтик»ни ютадиган бўлса, плей-офф йўлланмасини муддатидан олдин ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун «ПСЖ» ўз майдонида «Андерлеҳт»га мағлубиятга учрамасликлари керак. 
  • Агар «Селтик» бугун мағлубиятга учраса-ю, «ПСЖ» мағлуб бўлмаса, шотландлар кейинги босқичга чиқиш имкониятидан буткул маҳрум бўлишади.
  • «Андерлеҳт» бугун Парижда мағлубиятга учрайдиган бўлса, шу билан бирга «Бавария» ҳам ютқазмаса, бельгияликларнинг имкониятлари бутунлай тугайди. Агар «Бавария» «Селтик»ни ютса, «Андерлеҳт»ни бугун дуранг ҳам қониқтирмайди.

 

С гуруҳи

«Атлетико» гуруҳдан чиқиш учун курашмоқда

Кейинги 4 йилда «матрасчилар» 2 марта ЕЧЛ финалига етиб боришган ва фақат охирги дақиқалар туфайли орзуга етиша олишмаган. Аммо бу сафарги ўйинлари орқали жамоа гуруҳ босқичида қолиб кетиши ҳам мумкин. 3 турдан кейин Симеоне жамоаси 2 очко тўплаган. Ўтган турда Бокудаги нурсиз ва голсиз ўйиндан кейин (0:0) турнир дебютанти «Қорабоғ» илк очкосини ишлади, «Атлетико» гуруҳ етакчилари «Челси» ва «Рома»га етиб олиш имкониятларини пасайтирди.

Сешанба оқшомида мадридликларни фақат ғалаба қониқтиради. «Атлетико» учун «Ванда Метрополитано»даги ўйинлар омадсиз ўтмоқда. Шу туфайли жамоа душанба кунги машғулотларни аввалги стадиони «Висенте Кальдерон»да ўтказди. Бу ерда жамоа ЕЧЛда 11 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия (9 ғалаба ва бир дуранг) ўтказган. Янги стадионда ЕЧЛдаги илк ўйинида эса «Челси»га мағлуб бўлди (1:2) ва серия бузилди.

АТЛЕТИКО – ҚОРАБОҒ
Мадрид. «Ваньда Метрополитано» стадиони. 22.45 (Матч Футбол 3 – 0.50).

РОМА – ЧЕЛСИ
Олимпийский стадион. 22.45 (Матч Футбол 2 – 22.30).

  • «Челси» ғалаба қозонадиган бўлса, плей-оффга чиқади.
  • «Қорабоғ» агар ютқазадиган бўлса-ю, «Рома» ғалаба қозонса, «Қорабоғ» кейинги босқичга чиқиш имкониятини бутунлай йўқотади.

 

гуруҳи

Месси еврокубокларида иккинчи юзталик сари қадам ташлайдими?

Месси аввалги турда «сеҳрли конфети» ёрдамида «Олимпиакос» дарвозасини ишғол этиб, еврокубоклардаги юбилей голини урганди (97та гол ЕЧЛда, 3та гол УЕФА Суперкубогида). У Пирейдаги ўйиннинг 61-дақиқасида жарима зарбасини голга айлантирган. 

Вальверде Испания чемпионатининг аввалги турида собиқ жамоаси «Атлетик»ни мағлуб этиб қайтди. У бу сафар ўзининг энг муваффақиятли йиллари ўтган яна бир жамоага қарши. Испаниялик мураббий «Олимпиакос» билан 3 марта Греция чемпиони бўлган ва 2 марта Кубок соҳибига айланган. Агар каталонияликлар ўз ўйинида ғалаба қозонса ва «Спортинг» ва «Ювентус» ўйинида туринликлар очко олса, «Барселона» муддатидан аввал гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилади.

ОЛИМПИАКОС – БАРСЕЛОНА
Пирей. «Георгиос Караискакис» стадиони. 00:45 (Матч Наш спорт).

СПОРТИНГ – ЮВЕНТУС
Лиссабон. «Жозе Алваладе» стадиони. 22.45 (Матч Арена – 22.30).

  • «Барселона» агар бугун ғалаба қозонса-ю, «Спортинг» «Ювентус»ни юта олмаса, каталонияликлар плей-офф масаласини ҳал қилган бўлишади. «Ювентус» ғалаба қозонадиган бўлса, «Барселона»га камида 2-ўринни нақд қилиши учун дуранг ҳам кифоя қилади. 
  • «Ювентус» «Спортинг»ни ютадиган бўлса, плей-офф йўлланмасини муддатидан олдин ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун «Барселона» «Олимпиакос»га мағлубиятга учрамасликлари керак. 
  • Агар «Спортинг» бугун мағлубиятга учраса-ю, «Барселона» мағлуб бўлмаса, португалияликлар кейинги босқичга чиқиш имкониятидан буткул маҳрум бўлади.
  • «Олимпиакос» бугун «Барселона»дан мағлубиятга учрайдиган бўлса, шу билан бирга «Ювентус» ҳам ютқазмаса, грекларнинг имкониятлари бутунлай тугайди. Агар «Ювентус» «Спортинг»ни ютса, «Олимпиакос»ни бугун дуранг ҳам қониқтирмайди.