АҚШнинг Лас Вегас шаҳридаги мерган 11 дақиқа мобайнида концертга тўпланганларни ўқотар қуролдан тартибсиз равишда нишонга олгани ҳақида хабар қилинган эди. Мамлакат тарихидаги энг қонли жиноятда тирик қолган жуфтлик 2 ҳафтадан сўнг Жанубий Калифорниянинг Murrieta туманидаги уйига яқин жойда автоҳалокат туфайли ҳаёт билан видолашди.

Улар 1 октябрь кунги воқеадан сўнг, бир соат ўтар-ўтмас Facebook саҳифасида "We are safe", дея қисқагина пост қолдиришган эди. Ўшанда Lorraine Carver ўзи ва турмуш ўртоғи Dennis соғ қолганини айтиб, яқинларини тинчлантирган эди.

Аммо, уларнинг саноқли кунлари қолганини ўшанда ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган эди. 

Гап шундаки, 2 ҳафтадан бироз кўпроқ вақт ўтар-ўтмас, улар Жанубий Калифорнияда рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлишди.
 
2010 йилда ишлаб чиқилган Mercedes-Benz седани Dennis Carver бошқарувидаги машинага келиб урилганида, у йўлда қайрилиб, ўтлоқ ҳудудга тўхтамоқчи бўлаётган эди, дейди Калифорния йўл патрул хизмати офицери. Машина темир тўсиққа урилгач, пишиқ ғиштдан қурилган тўсиқ устунига урилган; бунинг натижасида ёқилғи баки зарарланган. Машина иккинчи ғишт устунга урилганидан сўнг, четга отилиб кетган ва аланга домида қолган. 
Расмий вакилнинг айтишича, жуфтлик воқеа жойида ҳалок бўлган.
 
Айни вақтда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда. Улардан 20 ва 16 ёшли икки қизи қолгани айтилмоқда.