Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.2017 йилдаги 880-сон қарори билан Газ ҳолатидаги ёқилғида ишловчи аппаратларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Ҳужжат овқат тайёрлаш, иситиш, иссиқ сув билан таъминлаш ва унинг  таркибий қисмлари учун мўлжалланган газ ҳолатидаги ёқилғида ишловчи ускуналарга тааллуқли. Унинг талаблари қуйидаги ускуналарга алоқадор эмас:

•  газдан мотор ёқилғиси сифатида фойдаланиладиган;
•  давлат мудофаа буюртмасига асосан олиб келинадиган;
•  саноат корхоналаридаги технологик жараёнларда ишлатиш учун мўлжалланган.

Техник регламент газ ҳолатидаги ёқилғида ишловчи ускуналар учун минимал даражада зарур бўлган талабларни ўз ичига олган бўлиб, уларни бажариш портловчи-ёнғин, электр, механик, термик ва экологик хавфсизликни таъминлайди.

Ўрнатилган талабларга амал қилиниши устидан давлат назоратини қуйидагилар ўрнатади:

•  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси;
•  Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
•  ИИВ ҳузуридаги ёнғин хавфсизлиги давлат хизмати;
•  Соғлиқни сақлаш вазирилиги;
•  Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш агентлиги ҳамда ваколати доирасида бошқа ваколатли давлат органлари.

Ҳужжат 1.05.2018 йилдан кучга киради.