Ҳиндистон ва Непал икки давлат чегараси бўйлаб миграция қилиб юрувчи бенгал йўлбарсларини тарихда биринчи марта биргаликда рўйхатга оладилар.

Бу ҳақда 1 ноябрда Непалнинг миллий боғлар департаменти бош директори Ман Баҳодур Хадка маълум қилди. 

"Ноябрнинг иккинчи ҳафтасидан Непал ва Ҳиндистон ўз миллий боғлари, ўрмонлари ва умумий чегаранинг икки томонидаги қўриқланувчи ҳудудлардаги йўлбарсларни бутун дунёда тан олинган усул билан рўйхатга олади", деб маълум қилган Хадка Nepal TV телевидениеси орқали.  

Бунинг учун икки давлатнинг табиатни муҳофаза қилиш идоралари ва мутахассислари йўлбарслар яшайдиган турли жойлар ва буфер ҳудудларда уларнинг ҳаракатланишини қайд қилиш учун камералар ўрнатишган. "Бу методни қўллаб айнан бир йўлбарсни бир неча марта ҳисоблашдан қочилади ва уларнинг бу ҳудуддаги ҳақиқий сонини олиш мумкин бўлади", деб айтган мутахассис. 

Непал томондан йўлбарслар охирги марта 2013 йилда рўйхатга олинган. Ўшанда олинган маълумотларга кўра, бу давлатда 200 га яқин катта ёшли йўлбарс бор. Ҳиндистон маълумотларига кўра, мамлакатда 2226 та йўлбарс мавжуд. Бироқ экологлар жорий ҳисоб-китоблар йўлбарсларнинг камроқлигини кўрсатиши мумкинлигини айтмоқдалар.

2010 йил ноябрда Санкт-Петербургда ўтказилган, сайёрамиздаги йўлбарсларни сақлаб қолиш муаммоларига бағишланган халқаро форумда Непал 2022 йилгача ўз ҳудудидаги йўлбарслар сонини 250 тагача, Ҳиндистон эса икки мартага кўпайтиришга ваъда берган.