Камерун шимолидаги Замга қишлоғида худкуш қизча бир гуруҳ ўғил болалар олдида ўзини портлатди.

RTBF’нинг маълум қилишича, портлаш оқибатида 5 бола ҳалок бўлган, 2 бола жароҳат олган. Қизча болалар кўчада ўйнаб юришганда уларнинг ёнига келиб, ўзидаги портловчи қурилмани портлатган. 

Полициянинг тахминига кўра, ҳужумни собиқ "Боко Ҳаром", ҳозирда номини "ИШИДнинг Ғарбий Африка вилояти" деб ўзгартирган террорчилик гуруҳи ташкиллаштирган.

АҚШнинг Вест-Пойнт ҳарбий академияси ҳузуридаги террорчиликка қарши кураш маркази мутахассисларининг фикрича, "Боко Ҳаром" ўз ҳужумларида қўлловчи худкушларнинг аксариятини аёллар ва болалар ташкил қилади. Ушбу террорчилик гуруҳи тарихда "ҳужумлар учун эркаклардан кўра кўпроқ аёллар ва болалардан" фойдаланувчи илк гуруҳ ҳисобланади.