«Барселона» клубининг собиқ ҳимоячиси, Испания терма жамоаси таркибида Европа ва Жаҳон чемпиони бўлган Карлес Пуйоль жорий йилнинг 9 ноябрь куни Тошкентга ташриф буюради.

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов шу йилнинг сентябрь ойида Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашганди.

Учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси футбол тарғиботини кучайтириш мақсадида ФИФАдан дунё футболининг ёрқин афсоналари ва бугуни кун юлдузларини Ўзбекистондаги ёш футболчиларга мастер-класс ўтаб бериши учун таклиф қилишда ФИФАнинг амалий ёрдам беришини сўраганди.

ФИФА президенти Жанни Инфантино ўша учрашув давомида Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан мамлакатда футбол ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, Жаҳон футболи юлдузларини Ўзбекистонга юборишда амалий ёрдам беришни ваъда қилганди.

Пуйолнинг Ўзбекистонга ташрифи шахсан ФИФА президенти Жанни Инфантино томонидан уюштирилаётган бўлиб, бу орқали ФИФА президенти Ўзбекистонда футболни янада ривожлантириш мақсадида федерация томонидан амалга оширилаётган катта ҳажмдаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва футболнинг оммавийлигини оширишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Карлес Пуйоль ташрифи давомида Ўзбекистондаги футбол академиялари ва болалар футбол мактаблари билан яқиндан танишади ҳамда у ерда футбол сир-асрорларини ўрганаётган ёш футболчилар учун мастер-класслар ўтказиб беради.

Шунингдек, Жаҳон футболи афсонаси ўзбек футболи билан яқиндан танишиш мақсадида Олий лига 28-тур доирасида бўлиб ўтадиган «Пахтакор» ва «Олмалиқ» жамоалари ўртасидаги ўйинни ҳам бевосита «Пахтакор» стадионидан туриб томоша қилиб бориши режалаштирилган.

«Карлес Пуйоль каби Жаҳон даражасидаги футбол юлдузларининг юртимизга ташрифи Ўзбекистонда футболни оммавийлаштириш ва тарғиб қилиш, ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида футболга бўлган қизиқишни янада ошишига хизмат қилиши аниқ», дейилади ЎФФ матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Карлес Пуйоль ҳали футболчи вақтида, 2008 йили Ўзбекистонга келганди. Ўшанда Тошкентнинг бошқа бир жамоаси «Бунёдкор» клуби раҳбарияти каталонияликлар жамоасининг 3 етакчисини, Карлес Пуйоль, Андрес Иньеста ва Сеск Фабрегасни таклиф қилганди.