Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг маълум қилишича, Владимир Путин ҳамда унинг маъмуриятини судга бериш бўйича режаларга эга. Навальнийнинг сўзларига кўра, бунга Россия шаҳарлари маъмуриятларининг унга сайловчилар билан учрашишга рухсат бермаслиги сабаб бўлади.

Навальний президент Путин ҳамда унинг маъмуриятини судга бериш режалари борлиги ҳақида ўз сайтида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «сайловчилар билан мувофиқлаштирилган митинглар шаклида учрашув ўтказиш имконсиз», сабаби Россия шаҳарларидаги маъмуриятлар мухолифатчи ва унинг тарафдорларига тегишли рухсатномалар бераётгани йўқ.

Навальний судда «бутун мамлакат бўйлаб шаҳарлар маъмуриятлари Москванинг кўрсатмалари асосида бир хилда ҳаракат қилаётганига оид исботларни тақдим этмоқчи».

Мухолифатчининг маълум қилишича, унинг штаби тадбирларнинг бошқа шаклига ўтмоқда. Учрашувлар «хусусий жойда» ўтказилади. Навальний ўз тарафдорларига сайловчилар билан учрашиши учун «мингдан ортиқ инсонни сиғдириши мумкин бўлган исталган жойни» тақдим этиш таклифи билан чиқишга чақирди.