Оқўрдада Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев ва Иордания қироли Абдуллоҳ II ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Tengrinews.kz.

"Мен мустақил Қозоғистоннинг биринчи фармонларидан бири билан дунёдаги энг йирик Семипалатинск синов майдончасини ёпдим ҳамда биз ядро қуролидан воз кечдик. Бу кун, 29 август, БМТ томонидан ядро қуролига қарши ҳаракат куни сифатида нишонланади. Давлатимиз ролини эътиборга олган ҳолда, мен ядро қуролига қарши курашда ўзини кўрсатган инсонларга атаб махсус мукофотни таъсис этдим. Қозоғистон биринчи сонли мукофотни сизга беришга қарор қилди ҳамда мен тегишли фармонни имзоладим. Бу сизнинг хизматларингизнинг тан олиниши ва сиз Сурия, Ироқдаги уруш шароитида, бутун минтақада халқларни яқинлаштирувчи тинчликпарвар ўрнини эгаллашингизга бўлган умиддир", - дея Иордания қиролига мурожаат қилди Назарбоев.

Президент Иорданиянинг Остона жараёнидаги фаол иштирокини ҳам таъкидлаб ўтган. 

“Биз бир-биримизни барча ташкилотларда қўллаб-қувватламоқдамиз. Иордания Қоғозистон ташаббусларини жаҳон даражасида қувватлайди. Бизнинг иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, мудофаа саноатидаги ўзаро муносабатларимиз яхшиланиб бормоқда. Биз минтақангизда сизнинг давлатингиз ҳамда шахсан сизнинг ўрнингиз алоҳида эканини таъкидлаймиз", - деган Назарбоев Абдуллоҳ II’га.

Ўз навбатида, Иордания қироли Абдуллоҳ II қозоғистонликлар ва президент Нурсултон Назарбоевга меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди ҳамда “дўстлар ва биродарлар орасида” эканидан хурсандлигини қайд этди.