Европа чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 4-турида B гуруҳида ўтган учрашувлардан кейин 2 жамоа кейинги босқичга муддатидан аввал чиқиб бўлди. «ПСЖ» ва «Бавария» ўз ўйинларида ғалаба қозонди ва турнирнинг нимчорак финалидаги иштирокни кафолатлашди. 

Парижликлар ўз майдонларида «Андерлехт»ни қабул қилди. Майдон эгалари ишончли ўйин намойиш этиб, 5:0 ҳисобидаги ғалабага эришди. Парижликлар клуби ҳимоячиси Лейвин Курзава ҳет-трикни расмийлаштирди, Марко Верратти ва Неймар ҳам ўз ҳисобларига биттадан гол ёзишди.

Жамоаларнинг аввалги турда Бельгияда ўтган ўйинида ҳам парижликларнинг йирик ҳисобдаги ғалабаси қайд этилганди (4:0). Шу тариқа, «ПСЖ» турнирда гол ўтказмаган ягона жамоа бўлиб қолмоқда, ўз навбатида, «Андерлехт» ўзининг илк голини ҳали урмади.

Гуруҳда параллел кечган иккинчи учрашувда «Бавария» «Селтик» меҳмони бўлди. Биринчи бўлимда мюнхенликлар футболчиси Кингсли Коман жамоасини олдинга бошлади. 74-дақиқада майдон эгалари Каллум Макгрегорнинг аниқ ҳаракатлари эвазига ҳисобни тенглаштиришди. Аммо Юпп Хайнкес шогирдлари барча масалани шу куни ҳал қилишга қарор қилишди ва 77-дақиқада Хави Мартинес ғалаба голини урди — 2:1. «Бавария» ҳам кейинги босқичда.

B гуруҳида 4-тур ўйинларидан кейин «ПСЖ» — 12 очко билан биринчи, иккинчи ўриндаги «Бавария» ҳисобида — 9 очко, «Селтик»да — 3 очко бор, «Андерлехт»да барчаси — 0.

Европа Чемпионлар лигаси
4-тур
ПСЖ – Андерлехт 5:0
(2:0, 3:0)
Голлар: 1:0 – 30 Верратти, 2:0 – 45 Неймар, 3:0 – 52 Курзава, 4:0 – 72 Курзава, 5:0 – 78 Курзава.
ПСЖ – Ареоля, Дани Алвес, Маркиньос, Тиаго Силва, Курзава, Верратти (Ло Чельсо, 64), Рабьо (Пасторе, 76), Дракслер, Мбаппе (Ди Мария, 64), Кавани, Неймар.
Андерлехт – Букс, Аппиа, Мбоджи, Спайич (Жозуэ Са, 45), Обрадович, Дендонкер, Кумс, Требель, Геркенс, Ханни (Теодорчик, 60), Оньекуру (Станчу, 79).

Селтик – Бавария 1:2 (0:1, 1:1)
Голлар: 0:1 – 22 Коман, 1:1 – 74 Макгрегор, 1:2 – 77 Мартинес.
Селтик – Гордон, Форрест, Люстиг, Боята, Битон, Тирни, Макгрегор, Браун, Армстронг (Гриффитс, 79), Синклэйр (Рогич, 64), Дембеле.
Бавария – Ульрайх, Рафинья, Боатенг, Зюле, Алаба, Толиссо (Киммих, 83), Мартинес, Видаль (Руди, 59), Роббен (Алькантара, 90), Хамес, Коман.