Бугун, 1 ноябрь оқшомида ЕЧЛ гуруҳ босқичида 4-тур учрашувлари давом эттирилади. Икки ҳафта олдин ҳам ўзаро ўйнаган жамоалар иккинчи даврада яна бир-бирларига рақиб ва энди ўтган турда мағлуб бўлган жамоаларда реванш олиш имконияти мавжуд. «Трибуна» чоршанба оқшомидаги асосий учрашувлар анонсини келтиради.

«Реал»нинг афсонавий «Уэмбли»га ташрифи қандай кечади?

H гуруҳи
ТОТТЕНҲЭМ – РЕАЛ
Лондон. «Уэмбли» стадиони. 00.45 (Матч! Футбол 1).

БОРУССИЯ – АПОЭЛ
Дортмунд. «Сигнал Идуна Парк» стадиони. 00.45 (Матч! Игра).

H квартетида инглизлар ва испанлар «Боруссия» ва АПОЭЛни 6 очкога ортда қолдирган ҳолда ишонч билан етакчилик қилишмоқда. Бу эса бугунги учрашув ғолибини ўз-ўзидан 1/8 финал иштирокчисига айлантиради. Ўйин олдидан имкониятлар тенг, аммо статистик рақамлар «шпорлар»га қарши – жамоалар шу вақтгача 5 марта учрашган, «Тоттенҳэм» бирон марта ғалаба қозона олмаган (3 мағлубият, 2 дуранг), Рафаэль Вараннинг ўтган ўйиндаги автоголи лондонликлар жамоасининг «Реал»га қарши ўйинлардаги 450 дақиқа давомида урган ягона голи бўлиб турибди.

Жамоалар тенг кетмоқда, улар рақибларини бир хил ҳисобларда енгишган (АПОЭЛга қарши ўйинлар 3:0, «Боруссия»га қарши ўйинлар эса 3:1 ҳисобларида якунланган). Натижада, жамоаларда тўплар нисбати ҳам бир хил (ўзаро учрашувда 1:1 ҳисоби). Улар ички чемпионатлардаги охирги учрашувларда мағлубиятга учрагани билан ҳам ўхшаш: «Тоттенҳэм» якшанба куни «МЮ»га қарши сафар ўйинида ютқазди (0:1), «Реал» – «Жирона» майдонидан мағлубият билан қайтди (1:2). Деле Аллининг ЕЧЛдаги 3 ўйиндан иборат дисквалификацияси якунланган, Манчестердаги ўйинни жароҳат туфайли ўтказиб юборган Ҳарри Кейн ҳам сафга қайтди. Бу эса бугун ҳақиқий футбол байрами ўтказилиши учун етарли шароит яратади. Атмосфера шунга мос: афсонавий «Реал» 115 йиллик тарихида илк марта афсонавий «Уэмбли»да майдонга тушади.

Зидан бу ўйинга Гарет Бэйл, Рафаэл Варан ва Кейлор Навасни олиб кетмади. Уларнинг барчаси жароҳатланган.


«Бешиктош» ниҳоят Чемпионлар лигаси плей-оффида ўйнайдими?

G гуруҳи
БЕШИКТОШ – МОНАКО
Истанбул. «Водафон Арена» стадиони. 22.00 (Матч ТВ).

ПОРТУ – РБ ЛЕЙПЦИГ
Порту. «Драгау» стадиони. 00.45

Туркия чемпионлари – 3 турдан кейин максимал 9 очко жамғарган 5 жамоадан бири бўлиб турибди. «Бешиктош» бугун ғалаба қозониб, ўз тарихида илк марта Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига чиқиши мумкин. Туркларни монегаскларга қарши ўйинда дуранг натижа ҳам қониқтириши мумкин, бунинг учун гуруҳдаги параллел учрашувда «РБ Лейпциг» «Порту»ни мағлуб этиши керак бўлади.

Статистика «Монако» фойдасига эмас – Туркия чемпиони ҳеч қачон ўз уйида француз жамоаларига ютқазмаган (3 ғалаба, 1 дуранг), жамоанинг Чемпионлар лигасида уй учрашувларидаги мағлубиятсиз серияси 11тага етган (5 ғалаба, 6 дуранг), Туркия чемпионатида эса «Бешиктош» ўз майдонида охирги марта қарийб 2 йил олдин – 2015 йилнинг 29 ноябрида ютқазган (Ўшанда «Акхисар Беледие»га қарши ўйин 0:2 ҳисобида якунланган). Ўтган мавсумда ярим финалгача етиб борган монегасклар ЕЧЛнинг жорий мавсумини жуда ёмон бошлади, шунга қарамасдан гуруҳдан чиқиш учун имконият сақлаб қолмоқда, аммо бугун Истанбулда ғалаба қозонилмаса, бу умид сўнади. Қолаверса, бу ўйинда жамоа етакчиси Радамель Фалькао жароҳат туфайли иштирок этмайди.

Неаполдаги ўйин тинч ўтадими?

F гуруҳи
НАПОЛИ – МАНЧЕСТЕР СИТИ
Неаполь. «Сан Паоло» стадиони. 00.45 (Матч! Футбол 2).

ШАХТЕР – ФЕЙЕНООРД
Харьков. «Металлист» стадиони. 00.45 (Матч! Наш спорт).

Неаполга келиб, ўз жамоасини «Сан Паоло» стадионида қўллаб-қувватлашга тайёрланаётган англиялик фанатлар худди маҳаллий тиффозилар каби стадионга камарларсиз киритилади. Бунга икки ҳафта бурун ўтган ўйин вақтида «шаҳарликлар» ва «Неапол» мухлислари ўртасида рўй берган жанжал сабаб. Ўшанда бир неча киши жароҳатланганди, натижада италиялик тиффози, 25 ёшли Жанлука дель Прато бир неча ойга қамалди.

«Манчестер Сити» бугунги ўйинда ғалаба қозонса, қаторасига бешинчи марта гуруҳдан чиқиши мумкин. «Наполи» курашни давом эттириши учун фақат ғалаба керак. Лекин октябрь ойини ўта кўтаринки руҳда ўтказган Гвардиола жамоаси ноябрда ҳам шу руҳда давом этишга тайёр. Жамоа ўтган ойда юз фоизлик натижага эришди: 5 ўйин, 5 ғалаба, тўплар нисбати: 15-5.


«Ливерпуль» бу сафар «Марибор»га нечта гол уради?

E гуруҳи
ЛИВЕРПУЛЬ – МАРИБОР
Ливерпуль. «Энфилд» стадиони. 00.45 (Матч! Арена).

СЕВИЛЬЯ – СПАРТАК
Севилья. Рамон Санчес Писхуан стадиони.00.45 (Матч ТВ ).

«Ливерпуль» Англия премьер-лигасида яхши иштирок эта олмаяпти, охирги 7 ўйинда фақат 2 ғалабага эришилди. Бу айбни ювиш учун жамоа Чемпионлар лигасида яхшироқ ҳаракат қилиши керак бўлади. Бунинг учун «Марибор» жуда мос рақиб. Икки ҳафта муқаддам «қизиллар» Словенияда 7:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир тарихида сафарда қайд этилган энг йирик ғалаба рекордини такрорлаганди, жамоа уй ўйинларидаги рекордга эгалик қилади (2007-08 йилги мавсумда «Ливерпуль» «Бешиктош»ни 8:0 ҳисобида енгганди).

Гуруҳдаги яна бир учрашувда Москванинг «Спартак» клуби Испанияга сафар қилади. Руслар икки ҳафта муқаддам Москвада 5:1 ҳисобида мағлуб этилган «Севилья» меҳмони бўлади.