Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) телебошловчи Ксения Собчакнинг 2018 йили президентлик сайловларида иштирок этиш режасидан нечоғлик хабардор ё йўқлиги борасида Россия аҳолиси ўртасида сўровнома ўтказди. Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 75 фоизи Собчак хонимнинг қароридан хабардор. Сўралганларнинг 98 фоизи телебошловчининг исмини тўғри айтишган, деб ёзади «Коммерсантъ.ru» нашри.

Ксения Собчакнинг сайловда иштирок этиш режасидан хабардор бўлганларнинг 57 фоизи унинг бу қарорини қўллаб-қувватлашмайди, 33 фоизи эса Собчак хонимни президентликка номзодлар орасида кўришни унчалик исташмаслигини баён этишган. Телебошловчининг президентлик сайловида қатнашиш ниятини респондентларнинг 8 фоизи қўллаб-қувватлаган.

«Телебошловчи ҳақида олдиндан эшитган фуқароларнинг 69 фоизи Собчакнинг сиёсий истиқболи йўқ, деб ҳисоблашади, 6 фоиз сўралганлар бунга тескари фикр билдиришган»,— дея таъкидлашмоқда социологлар. Яна 16 фоиз сўралганларнинг фикрича, Ксения Собчак аллақачон сиёсатда катта натижаларга эришган, бундан ортиғи унинг қўлидан келмайди.

«ВЦИОМ-Спутник»нинг бутунроссия сўровномаси 21–22 октябрь кунлари 18 ёшдан катта 1,2 минг респондентлар орасида ўтказилган. Сўров услуби — телефон орқали интервью бўлиб, статистик хато 3,5 фоиздан ошмайди.

Россиянинг бешта федерал телеканалида номи тилга олиниш бўйича Ксения Собчак барча «анъанавий» номзодларни ортда қолдириб, фақат Владимир Путиндан кейин турибди.

Илгари хабар қилинишича, россиялик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Екатерина Гордон, шунингдек, жамоатчи Ирина Волынец ҳам 2018 йилги Россия президенти сайловларида иштирок этиш борасида истак билдиришган.