Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 ноябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотовни қабул қилди. 

ЎзА хабарига кўра, давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистоннинг БМТ, унинг тузилмалари ва институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги жадал ривожланаётгани ва мустаҳкамланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди. 

Кейинги пайтларда Ўзбекистонга БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи ва бошқаларнинг ташрифлари самарали амалга оширилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида иштирок этди ва нутқ сўзлади, сессия доирасида ташкилот раҳбарияти билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказди. 

Бугунги кунда мамлакатимизда БМТ билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қабул қилинган "йўл хариталари" доирасида қўшма тадбирлар ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

Ўзбекистон БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси билан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва халқаро терроризмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиши таъкидланди. 

Бошқарманинг техник кўмагида юқорида қайд этилган соҳаларда миллий ва минтақавий лойиҳалар бажарилди ва амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида ушбу тузилманинг Марказий Осиё минтақаси бўйича ваколатхонаси фаолият юритмоқда. 

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг "йўл харитаси" – Амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш асосида наркотрафик, жиноятчилик ва терроризмга қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриш ва биргаликдаги ишларни янада кучайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. 

БМТ Бош котиби ўринбосари Юрий Федотов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор қилди. 

БМТ вакили давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиёда тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш, минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик, ўзаро англашув ва умумий манфаатлар асосидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган сиёсатни юқори баҳолади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида баён этилган ташаббусларнинг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилгани алоҳида таъкидланди. 

БМТ Бош котиби ўринбосари нуфузли халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон билан глобал хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича узоқ истиқболга мўлжалланган ва тизимли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.