Ижтимоий тармоқда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг июнь ойида Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида ўтказилган йиғилишда солиқчиларни танқид қилиши тасвирланган видео тарқалди.

Президент солиқ органлари фаолиятини кескин танқид қилади, соҳа ходимлари орасида ўз касбига нолойиқлар борлигини айтади.

У солиқчилар масъулиятсизлиги, фидоийлик қилмаслиги ҳақида сўзлайди.

«Қани бюджетнинг пули? Ҳаммаси чўнтакка кетяпти. 3 йил ҳам ишламасдан, 4 қаватли уй қурасан ҳамманг, 20та машина оласан. Қаердан булар? Ойликдан оласанми? Сал инсофли бўл! Ўғри бўл, инсофли бўл».

Президент қўлида барча маълумотлар мавжудлигини айтади. 

«Одамларни ишдан оламиз. Бундай одамлар билан ишлай олмаймиз. Ўтган кунлар ўтди. Энди адолатли бўлиб ишлаш керак. Меҳнат, садоқат, адолат ва яна адолат. Порахўрлик қилинмасаям, халқ боқади.  

Керак бўлса, юз фоиз ишдан оламиз. Менга тажрибаси керак эмас. Ёш бўлса ҳам, ўзини фидо қиладиган, садоқат билан ишлайдиган одам керак. Тажрибани ўзим ўргатаман. Менга садоқат керак. Тамом! Ўзини қийнайдиган, Фарғонани яхши кўрадиган одам керак», деган президент.