Корея республикаси ўз ҳудудида ядро қуролини ишлаб чиқиш ёки жойлаштиришни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда мамлакат президенти Мун Чжэ Ин Миллий кенгашдаги нутқида баёнот берди, деб ёзмоқда ТАСС. 

"Жанубий ва Шимолий Корея биргаликда эълон қилган ядросизлантириш тўғрисидаги декларацияга мувофиқ, КХДРнинг ядровий мақомини қабул қилиш мумкин эмас. Биз ҳам атом қуролини ишлаб чиқармаймиз ёки жойлаштирмаймиз", - деган Мун Чжэ Ин.

Шу билан Корея раҳбари консерватив мухолифатнинг ўз ядро қуролини ишлаб чиқиш ёки АҚШ ядро қуролини жойлаштириш хусусидаги таклифига жавоб берди. 

Унинг қайд этишича, Сеул Корея ярим оролида тинчликка интилади ва миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритиши мумкин бўлган янги уруш бошланишига йўл қўймайди. 

"Қуролли можаро ҳар қандай ҳолатда ҳам рўй бермаслиги керак. Ҳарбий ҳаракатлар Жанубий Кореянинг розилигисиз бошланмайди", - дея баёнот берган Мун Чжэ Ин.

Шу билан бир вақтда, Мун Чже Ин Пхеньянни янги фитналарга йўл қўймасликка чақириб, Сеул ва Вашингтоннинг ҳарбий иттифоқи аввалгидек мустаҳкам бўлиб қолишини билдирди. У, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни ядро қуроли ишлаб чиқиш ғоясидан во кечиши ҳамда музокаралар даврасига қайтиши учун КХДРга имкон қадар юқори даражадаги босим ўтказишни давом эттиришга ундаган.