1 ноябрь оқшомида Европа чемпионлар лигасининг яна 4 гуруҳида 4-тур учрашувлари ўтказилди. Бу ўйинлардан кейин яна икки жамоа кейинги босқич масаласини ҳал қилди, Англиянинг «Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» клублари бир кун олдин плей-оффга муддатидан олдин чиқиб бўлган «ПСЖ» ва «Бавария» қаторига қўшилди. «Трибуна» тур воқеаларини сарҳисоб қилади.

Е гуруҳи
«Ливерпуль» биринчи, аммо яна пенальти касофати

«Ливерпуль» – «Марибор» – 3:0
Голлар: 
Салоҳ, 49. Эмере Жан, 64. Старриж, 90.

«Қизиллар» жамоаси ўтган турда 7:0 ҳисобидаги ғалаба билан рекорд қайд этган, уй учрашувида ҳам рекорд қилиши мумкин эди. Аммо биринчи бўлимда Ясмин Ҳанданович дарвозаси томон 13та зарбадан кейин ҳам таблода 0:0 ҳисоби порлаб турганди. Биринчи бўлим якунлангани ҳақидаги ҳакам ҳуштаги чалинганида Юрген Клопп шитоб билан трибуналар остига кириб кетди. У кийим алмаштириш хонасида футболчиларини ғазаб билан кутиб олганига шубҳа йўқ. Иккинчи бўлим бошланиши биланоқ Александр-Арнолднинг маҳорати эвазига юзага келган вазиятдан фойдаланган Муҳаммад Салоҳ ҳисобни очди. 

Шундан кейин инглизларда «пенальти касофати» давом этди. АПЛ жамоалари Чемпиионлар лигасида шу вақтгача 4 марта пенальтини голга айлантира олишмаганди. Бешинчи омадсиз Милнер бўлди. «Ливерпуль»нинг пенальтисти жамоа сардори Жордан Ҳендерсон эди. Аммо бу мавсумда исталган футболчи нуқтага яқинлашмоқда ва хато қилмоқда. Англия чемпионатининг охирги турида «Ливерпуль»нинг «Ҳаддерсфилд»га қарши ўйинида Муҳаммад Салоҳ 11 метрдан гол ура олмаганди, ундан олдинроқ «Марибор»га қарши сафар ўйинида ҳам Фирминьо ўз имкониятидан фойдалана олмаган. Умуман, «Ливерпуль» охирги 4 пенальтисини голга айлантира олмади. Милнер кейинроқ хатосини тузатиб, Эмре Жанни голли пас билан таъминлади, Старриж ўйинга нуқта қўювчи голни урди - 3:0. 

«Севилья»нинг реванши

«Севилья» – «Спартак» – 2:1 (1:0)
Голлар: Лангле, 30 – 1:0. Банега, 59 – 2:0. Зе Луиш, 78 – 2:1.

«Севилья» Москавада бўлгани каби 4-3-3 схемасини қўллади ва «Спартак»ка қанотлардан ҳам, марказдан ҳам ҳужум қилди. Нолито ва Сарабия Ещенко ва Комбаров жуфтлигини доимий босим остида ушлаб турди, аммо россияликлар майдон марказидан қилинган ҳужумларни қайтариб туришди. Каррера эса Глушаковни олдинга чиқариб, таваккал қилди. Москваликлар жамоаси сардори ўз позициясини, таянч ярим ҳимоясини ташлаб кета бошлади. Севильяда у «ўнлик» сифатида ўйнади, унинг ўрнида Фернанду ҳаракат қилди. Аммо бразилиялик бу футболчи рақиб жарима майдонига йўлланган ноаниқ паслари билан ёдда қолди.

Балки, Фернанду кучини зарбалар бериш учун сақлагандир – у бир неча марта жарима зарбаларини яхши ижро этди, аммо испанлар дарвозабони Серхио Рико ҳам яхши ўйнади. «Спартак» позицион ҳужумларда хатоларга йўл қўяётганида, рақиб ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда руслар ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ўтишганида иккинчи гол ўтказилди. Меҳмонлар ўйин охиридагина битта гол билан жавоб қайтаришди – жароҳатдан тузалган Зе Луиш ҳисобни қисқартирувчи голни урди.

Эндиликда гуруҳда мураккаб вазият юзага келган. «Ливерпуль»да 8, «Севилья»да 7, «Спартак»да 5 очко.

21 ноябрь. Спартак – Марибор. Севилья – Ливерпуль.

F гуруҳи
«Наполи» ўзига ва Гвардиолага умид қилади

«Наполи» – «Манчестер Сити» – 2:4
Голлар: Инсинье, 21. Жоржинью, 62, пенальтидан – Отаменди, 34. Стоунс, 48. Агуэро, 69. Стерлинг, 90+2.

«Сан Паоло»даги ўйиннинг илк ўн беш дақиқаси «ҳужумлар ёмғири» билан ўтди, Гвардиола жамоаси майдон эгаларининг кўзини очирмасдан, прессинг уюштирди. Тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи - 81,38 фоизга 18,62 фоиз.

Маурисио Сарри шогирдлари «Сити» мудофаасига 15 дақиқадан кейингина ҳужум қила бошлади ва 21-дақиқада Мертенс Инсиньени заргарона пас билан таъминлади ва ҳужумчи ўз услубида тўпни дарвозанинг олис бурчагига йўналтирди - 1:0.

Бу гол манчестерликларнинг ғазабини келтирди ва жамоа шундан кейин «Наполи» дарвозасини 4 бор ишғол этди. Аввалига Отаменди одатдаги каби қанотдан узатилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб ҳисобни тенглаштирди, иккинчи гол ҳам ҳимоячи томонидан урилди, аниқроғи ҳужумкор ҳимоячи. Стоунс «Манчестер Сити»нинг ЕЧЛдаги асосий тўпурари бўлиб турибди (3 гол).

Агуэро тарихга кирди. Унинг Италияда гол уриб, клуби тарихидаги энг зўр тўпурарга айланиб олди - 178та гол. У бу голларини уриш учун «Манчестер Сити» либосида 264 марта майдонга тушган. Бундан аввалги рекорд Эрик Брукка тегишли эди. Ўтган асрнинг 30-йилларида ўйнаган бу футболчи 494та ўйинда 263 гол уришга муваффақ бўлган. Лекин, қайд этиш керакки, Брук аввалига қанот ҳимоячиси бўлган, кейин марказий ҳужумга ўтиб гол уришга киришган. Бундан ташқари у 3 марта дарвозабон сифатида майдонга чиққан.

«Наполи» Сарри бошчилигида илк марта 1 ўйинда 4 гол ўтказди. Тўртинчи гол муаллифи Стерлинг учун бу мавсумдаги ўнинчи гол бўлди. Неаполликлар илк марта ўз майдонида инглиз клубига ютқазди.

Жамоа кейинги босқичга чиқиш учун имкониятларини пасайтириб юборган бўлсада, Гвардиола жамоаси ёрдам қўлини чўзиши мумкин. Инглизлар итальянларнинг асосий рақобатчиси бўлиб турган украинларнинг «Шахтёр» клубини енгиб берса ва «Наполи» қолган икки турда 100 фоизлик натижа кўрсатса, кейинги босқичга чиқади.

Нидерландлардан антирекорд

«Шахтёр» – «Фейеноорд» – 3:1
Голлар: 
Феррейра, 14. Марлос, 17, 68 – Йоргенсен, 12.

Энди «кончилар» кейинги 2 турда бир очко олса, кифоя қилади. Нидерландлар эса бу оқшомда Чемпионлар лигасида ўтказган голлари сонини 100тага етказиб қўйишди ва антирекорд ўрнатишди. «Фейеноорд» ЕЧЛда қаторасига 7 ўйинда ютқазган. Йоргенсеннинг кутилмаган голи меҳмонларни довдиратиб қўймади, 5 дақиқадаёқ ҳисоб тенглаштирилди. Шундан кейин мезбонлар ҳимояси парчаланиб кетди ва Марлос осонлик билан дубль қайд этди - 1:3.

21 ноябрь. Манчестер Сити – Фейеноорд. Наполи – Шахтёр.

G гуруҳи
«Бургутлар» парвози

«Бешиктош» - «Монако» – 1:1 
Голлар: Женк Тўсун, 54, пенальтидан – Рони Лопеш, 45+1.

Турк «лочинлари» янада баландроқ парвоз қилиб, шу турдаёқ кейинги босқич масаласини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо жароҳатланган бўлсада майдонга тушган «Монако» етакчиси Лемар 26-дақиқада Рони Лопешни голли пас билан таъминлади.

Леонарду жамоаси танаффусга 1:0 ҳисобидаги устунлик билан чиқиб кетди. Жамоа шу вақтгача ЕЧЛдаги 15та ўйинда ҳисобни очиб, ғалабани сақлаб қолганди.

Иккинчи бўлим бошида қулай вазиятга чиқиб борган Бальде Кейта имкониятдан фойдалана олмади ва бу ўйиндаги ҳал қилувчи нуқта бўлди. Тезкор қарши ҳужумга ўтган мезбонлар пенальти ишлади ва Женк Тўсун аниқ ҳаракат қилиб, ҳисобни тенглаштирди.

Агар параллел кечган учрашувда «Лейпциг» сафарда «Порту»ни енгганида бу натижа, «Бешиктош»ни дуранг натижасига қарамасдан кейинги босқичга олиб чиққан бўларди. Аммо туркиялик мухлислар плей-оффни нишонлашни кейинги турларга қолдиришди.

«Аждарлар» «буқалар»ни тиз чўктирди

«Порту» - «РБ Лейпциг» – 3:1
Голлар: Эррера, 13. Данилу Перейра, 61. Макси Перейра, 90+3 – Вернер, 48)

«Драгау»да португалияликлар аъло даражада ҳаракат қилишди. Сержиу Консейсау жамоаси «буқалар»ни тиз чўктирди. Мексикалик тореадор Эррера бурчакдан узатилган тўпга ҳаммадан баланд сакраб ҳисобни очди, Вернер иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштирганди, аммо «аждарлар»нинг стандарт вазиятлардаги устунлиги меҳмонлар учун ҳалокатли бўлди. Ўйинда аниқ зарбалар бўйича кўрсаткичлар тенг эди - 12:12. Аммо ғалаба қозонган «Порту» иккинчи ўринга кўтарилди ва «Бешиктош»ни таъқиб этишга киришди. Кейинги тур квартетдаги картинага ойдинлик киритади. Ҳозирда «Монако» ҳам иккинчи ўрин учун имконият сақлаб қолмоқда.

21 ноябрь. Бешиктош – Порту. Монако – Лейпциг.

Н гуруҳи
«Реал» бошида қора булутлар

«Тоттенҳэм» – «Реал» – 3:1 
Голлар: Алли, 27, 56. Эриксен, 65 – Криштиану Роналду, 80)

«Қироллик» клубининг афсонавий «Уэмбли»га илк ташрифига Маурисио Почеттино алоҳида тайёргарлик кўрди. Кичик жароҳати туфайли «МЮ»га қарши ўйнамаган Кейн ва ЕЧЛда 3 ўйинлик дисквалификацияни ўтаган Алли Зидан жамоасига тинчлик бермади. Биринчи бўлимдаёқ ёш ярим ҳимоячи «Реал»ни кўмишга киришди.

Иккинчи бўлимда у Каземирони ортда қолдирди ва у берган зарба рикошет орқали Касилья дарвозасига бориб тушди. Алли энди Бекҳэм ва Жеррард каби ЕЧЛ ўйинларида «Реал»га дубль қилган учинчи англиялик футболчига айланди. У шу куни ҳет-трикка эришиши ҳам мумкин бўлганди, унинг бош билан берган зарбаси дарвоза чизиғидан қайтарилди.

«Реал» тажрибасиз боксчи каби олдинга ташланди, аммо дарвозасига учинчи гол келиб тушди, Кейн Эриксенни голли пас билан таъминлади. Бу шокка туширувчи ҳолат эди, мадридликларнинг Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 2012 йилнинг октябридан буён давом этиб келаётган мағлубиятсиз серияси якунланди (30 ўйин).

Амалдаги чемпионлар фақат бир гол билан жавоб қайтаришди. Криштиану Роналду «шпорлар» дарвозасини ўз фаолиятида ўнинчи марта ишғол этди. Аммо у бу жамоага қарши ўйинларда илк марта мағлуб бўлди. Португалиялик футболчи «Реал» сафида 50-стадионда гол урди. Аммо бу қуруқ статистика.

«Боруссия»нинг нурсиз ўйинлари Зинедин Зидан жамоаси фойдасига бўлмоқда. Лекин жамоанинг ўз ўйини идеалликдан йироқлашиб кетди.

Дортмунддаги йиғи

«Боруссия» Д – АПОЭЛ – 1:1
Голлар: Рафаэл Геррейру, 29 – Поте, 51)

Дортмундликлар шундоқ ҳам фақат мўъжиза туфайли плей-оффга чиқиши мумкин эди: иккинчи даврадаги барча ўйинларда ғалаба қозониш ва етакчиларнинг очко йўқотишидан умид қилиш. Петер Бос шогирдлари эса биринчи вазифани ўзлари уддалай олишмади.

«Боруссия» Кипрнинг АПОЭЛ клубини енга олмади. Икки ўйинда ҳам 1:1.

Дортмунд ўйин давомида 29 марта зарба берди, тўпга эгалик қилишда 77 фоизлик устунлик намойиш этди, аммо бу кўрсаткичлар фойдасиз бўлди.

Энди гуруҳдан чиқиш учун «Боруссия»га фақат сеҳр-жоду ёрдам бериши мумкин. Жамоа «Тоттенҳэм» ва «Реал»ни енгиши, Мадрид кутилмаганда АПОЭЛга ютқазиши керак.

Лекин, вазиятга ҳаққоний кўз билан қаралса: кейинги 2 турда «Боруссия» ва АПОЭЛ Европа Лигаси йўлланмаси учун курашади (икки жамоа – 2тадан очкога эга).

21 ноябрь. АПОЭЛ – Реал. Боруссия Д – Тоттенҳэм.