Озарбойжон, Грузия ва Туркия расман Боку-Тбилиси-Карс темир йўлини расман очди. Истиқболда ушбу темир йўли тармоғи Хитойни Европа, хусусан Лондон билан бевосита боғлайдиган «Янги Ипак йўли»нинг йўналишларидан бири бўлади. У Туркиянинг Босфор денгизи остидан ўтган туннель орқали Россияни айланиб ўтади. 

30 октябрь куни Бокуда янги темир йўлининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. У Бокудаги Алёт портидан Тбилиси орқали Туркиянинг Карс портигача чўзилган. 

Тантанали маросимда Озарбойжон, Туркия давлат раҳбарлари, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари, хусусан Ўзбекистон Бош вазири ҳам иштирок этди. 

Президент Алиев тўпланганлар қаршисида қилган чиқишида нутқ қилар экан, Боку-Тбилиси-Карс  темир йўли — бу «Европани Осиё билан боғлайдиган энг қисқа ва ишончли йўл» эканини қайд этди.

«Бу лойиҳа Каспий денгизининг логистика имкониятларини кенгайтиради, Хитойдан Европага юк ташишда қулай шароитни яратади, юк ташиш амалиёти тезлиги 2 карра ошади», — деди Қозоғистон бош вазири. Бироқ у ўз тахминларини бир ҳисоб-китоб билан исботлагани йўқ. 

Энг ишончли баёнотни Эрдўған берди, дейиш мумкин. У Лондон ва Пекин эшитишни хоҳлаган сўзларни айтди. «Бугун Боку-Тбилиси-Карс йўналиши бўйлаб илк темир йўл таркиби ҳаракатланишни бошлайди. У минтақа, жумладан Озарбойжон, Грузия ва Туркия учун стратегик аҳамиятга молик. Шундай қилиб, биз Лондон Хитойга тўғридан-тўғри темир йўли очилганини эълон қиламиз», — дея бу темир йўл аҳамияти хусусида фикрларини бидирди Туркия президенти.

Унинг сўзларига кўра, айни вақтда Хитойдан Буюк Британия, Франция, Германия ёки Европанинг бошқа давлатларига Жанубий ва Шимолий йўлаклар узра юк ташиш 45-62 кунгача чўзилади. 

БТК темир йўли тўлиқ ишга тушиши билан бу муддат 12-15 кунга чиқаради. Эрдўғаннинг қўшимча қилишича, Хитойдан Европага юк ташиш ҳажми йилига 240 млн тоннадан ортиқдир. 

Ўз навбатида, Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили «янги Евросиё кўпригининг пойдевори қўйилаётгани, янги бозорлар ўзлаштирилиши»ни қайд этди.

Грузия бош вазири ҳам ўз чиқишида республика ушбу ташаббусни ҳаётга татбиқ этишда ҳисса қўшишни хоҳлаётганини таъкидлади. 

Темир йўл магистралининг узунлиги 850 км бўлиб, унинг 504 километри Озарбойжон ҳудудидан ўтади. БТК магистрали бўйича илк поезд Туркиянинг Мерсин портида тўхтайди. 

Айтиш жоизки, Боку – Тбилиси – Карс темир йўлини барпо этиш ғояси ўтган асрнинг 90-йилларида собиқ Иттифоқ барбод бўлганидан сўнг муҳокама қилина бошлаган эди. Аммо лойиҳани амалга ошириш 2007 йилда Грузия ҳудудидан бошланди. 

Лойиҳани бошлаш муносабати билан ўтказилган маросимда ўша вақтда Грузия президенти бўлган Михаиил Саакашвили уни «йирик геосиёсий инқилоб» деб атаган ва Хитой билан боғлаган эди. 

Саакашвили ўшанда, Россия орқали Европага кириб келаётган Хитой маҳсулотлари шу йўл орқали ўтишини даъво қилган эди. Дастлабки босқичда бу йўл орқали 4–5 млн тонна атрофида юк ташиш режалаштирилгани лойиҳанинг рентабеллигини шубҳа остига қўйди. Аммо Саакашвили ҳамкорларини ишонтириб, Қозоғистон ёрдам беришини айтди. Гўёки Остона Европага Россия орқали борадиган 10 млн тонна юкни янги йўлга йўналтиришга ваъда берган. 

Фото: AP

Эндиликда, маълум бўлишича, Қозоғистон 10 йил аввал берган ваъдасининг устида туриш ниятида. Туркиянинг транспорт, кемачилик ва коммуникациялар вазири Аҳмад Арслоннинг сўзларига кўра, БТК орқали йилига 35 млн тоннагача юкни ташиш мумкин. 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Озарбойжон, Грузия ва Туркия йўлни очишдан аввал тариф сиёсатини мувофиқлаштириб олди. 1 тонна юк 37,9 доллар, бир вагон 2279,40 футлик контейнер учун 529 доллар тўланишини белгиланди. 

Биринчи йили 5 млн тоннагача юк ва 1 млнга яқин йўловчини ташиш режалаштирилмоқда. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш 2018 йилда бошланиши кутилмоқда. Шу муносабат билан Озарбойжон Швейцариянинг Stadler компаниясидан 30 та махсус вагон ҳамда Франциянинг Alstom фирмаси ишлаб чиққан 10 та локомотивни харид қилди.

БТК орқали, шунингдек, Каспий денгизи мамлакатларидан суюлтирилган газ, Туркманистон ва Озарбойжондан нефть маҳсулотлари етказиб берилади. Албатта, асосий мақсад Хитой контейнерларини Европага етказиб беришдир. 

Албатта, бунинг учун бир нечта инфратузилма иншоотларини барпо қилиши керак: Карсдаги логистика маркази, Ахалкалаки депосида ғилдиракларни алмаштириш пункти, депо, кўмирни сақлаш омборхонаси, нефть, нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган газни қуйиш терминали шулар жумласидан. Шундан кейингина юк ташиш ҳажмини йилига 15 млн тоннага етказиш ҳақида сўз бориши мумкин. 

Шунингдек, БТК Босфор денгизи остидан ўтган Мармар туннели орқали Европа ва Осиёни боғловчи ўзига хос кўприк бўлади. 

Қайд этиш керак, Хитойдан Европага маҳсулотлар транзити орқали пул ишлаш жуғрофий имконияти бунга йўл берадиган ҳар қандай давлатнинг орзуси, дейилса, хато бўлмайди. «Янги Ипак йўли» ўзи томон буришни нафақат Озарбойжон ёки Туркия, Қозоғистон ёхуд Россия, балки Мўғулистон, Польша, Болгария, Руминия ва Украина ҳам хоҳлайди.