Норвегия полицияси ҳозирда Veon деб аталувчи VimpelCom ширкатининг собиқ раҳбарига нисбатан коррупция бўйича терговни ёпди ҳамда у энди гумонланувчи эмаслиги ҳақида маълум қилди, дея хабар бермоқда Reuters.

VimpelCom’нинг Ўзбекистондаги амалиётлари бўйича тергов доирасида, 2015 йилда ўзининг айбсизлигини даъво қилган Жо Лундер полиция томонидан бироз муддатга қўлга олинганди, ҳамда ўшандан бери унга нисбатан суриштирув олиб борилган.

Ҳибсга олинганидан кейин, Лундер Fredriksen Group компаниясининг ижрочи директори лавозимидан бўшади. Ушбу компания магнат Жон Фредриксеннинг кемасозлик, нефть хизматлари, балиқчилик ва бошқа соҳалардаги активларини назорат қилади.

«Иш тўхтатилди», - дейилади полиция баёнотида.

Лундернинг айтишича, тергов туфайли тушкунликка тушиб қолган. «Шунчаки бўшлиқ қолди... Мен 30 йил ўз номимни яратиш устида ишладим, энди эса ҳаммаси куйиб кулга айланди», - деди Лундер матбуот анжуманида.

VimpelCom собиқ директори адвокатининг айтишича, Лундер полицияни етказилган зарар учун судга бермоқчи. «Мен бошқа бир гумонланувчи Лундер каби жуда катта иқтисодий зарарга дучор бўлган биронта ҳам молиявий жиноятни тергов қилиш бўйича мисолни келтира олмайман. Биз ҳозирча унинг ҳажмини ҳам баҳоламадик, бироқ у жуда катта», - деган адвокат Като Шиётц бўлажак даъво ҳақида.

АҚШ ва Нидерландия ҳукумати 2014 йилда Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги коррупция ҳақида маълумотни суриштирувдан ўтказишни бошлади. РБК’нинг ёзишича, уларнинг гумонлари МТС, VimpelСom ва TeliaSonera «маҳаллий амалдорга» пора беришига алоқадор бўлган. АҚШ Адлия вазирлиги эса VimpelСom ва Ўзбекистон тузилмалари ўртасида 2006 йилнинг январидан 2011 йилнинг сентябрига қадар 133,5 млн. долларлик еттита шубҳали келишув ҳақида маълумотларни топди.

Лундер 2015 йилда коррупцияга алоқаси йўқ эканини маълум қилган. «Мен ўзим билган ҳамма нарсани Норвегия расмийларига айтиб бердим», - дея таъкидлаб ўтган у.

Келаси йилнинг февралида эса VimpelCom’да пора бериш фактини тан олишди ҳамда Ҳолландия прокуратураси ва АҚШ ҳукумати билан ишни ҳал қилиш бўйича келишувга эришишди, унга кўра VimpelCom 795 млн. доллар миқдорида товон пулларини тўлаб берди.