Американинг электромобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси учинчи чорак натижалари бўйича 619,4 млн доллар зарар кўрди. Бу ҳар бир акциядан 2,92 доллар зарар деганидир. Унинг корпоратив ҳисоботига таянган ҳолда The Wall Street Journal нашри ёзмоқда

Таҳлилчилар ҳар бир акциядан зарарни 2,28 доллар бўлишини тахмин қилишган эди. Ўтган йилнинг учинчи чорагида ҳар бир акциядан кўрилган зарар 1,61 долларни ташкил этган эди.

Шу билан бир вақтда, тушум қарийб 2,98 млрд долларни ташкил этган, бир йил аввал у 2,3 млрд доллар бўлган. Газетанинг ёзишича, бунга Model X электромобили савдоларининг ўсиши ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган чоракда савдо ҳажми 36 фоизни ташкил этгани таъкидланади. Биржа савдоларида Tesla акциялари нархи 3,2 фоизга тушиб кетди.