Тошкент шаҳри Учтепа тумани Абдулла Қодирий номли маҳалла фуқаролар йиғинида бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг маҳалла фаоллари ва ўқувчи ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. “Ватанпарварлик – маҳалладан бошланади” номли тадбирда ҳарбий хизматчилар ва фахрийлар мамлакатимизда ҳарбий соҳада эришилаётган ютуқлар, киритилаётган ўзгаришлар ва яратилаётган шароитлар ҳақида кенг тушунчалар бердилар, деб хабар қилмоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Бундай тадбирлар бир томондан Ватан ҳимоячиларининг кайфиятини, Қуролли Кучларда кечаётган ислоҳотлар, ўзгаришларга фуқароларнинг муносабатини аниқлашга имкон бераётган бўлса, иккинчи томондан халқимизнинг ўз армиясига бўлган эътиборини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги

Тадбирда жорий йилда бўлиб ўтган учинчи Халқаро армия ўйинларининг “Қўшин разведкаси аълочилари” танловида фахрли 3-ўринни, яқиндагина Буюк Британияда қўшин разведкачилари ўртасида бўлиб ўтган “Кембрия патрули” халқаро танловида 2-ўринни олиб қайтган Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ўз ютуқлари ҳақида гапириб беришди. Ёшларни қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоб қайтарилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Тадбирда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари полковник Мақсуд Абилов, подполковник Алишер Ширинов, Қуролли Кучлар фахрийси Одилжон Ражабов, маҳалла йиғини раиси Лилия Тўраходжаевалар сўзга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли жамоаси яккахон хонандаларининг ижросидаги ватанпарварлик мавзусидаги куй ва қўшиқлар тадбирга янада файз бағишлади.

Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги