АҚШ президенти Дональд Трамп Нью-Йоркда теракт содир этган Сайфулло Соиповга ўлим ҳукми чиқаришга чақирди.

«Мен Нью-Йоркдаги террорчини Гуантанамога (ҳарбий қамоқхона - таҳр.) юборишни истардим. Аммо бу жараён кўп вақтни олади... Тез ҳаракат қилиш керак. Ўлим жазоси!», дея ёзган Трамп твиттерида.

Трамп бундан аввалроқ ҳам террорчини Гуантанамога, АҚШ ҳукумати терроризмда айбланувчи хорижликларни судсиз тутиб турадиган қамоқхонага йўлламоқчилигини маълум қилганди. Кейинроқ у Соипов фақат қатл этилиши кераклиги ҳақида айта бошлади.

Сешанба куни Нью-Йорк ғарбидаги Манҳэттенда ўзбекистонлик Сайфулло Соипов бошқарувидаги пикап велосипедчилар устига юрди. У одамларни босиб ўтиб, мактаб автобусига бориб урилган. Ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетишга уринганида полициячилар томонидан ушланган.

Унинг ҳужуми оқибатида 8 киши ҳалок бўлиб, 12 киши жароҳатланди. Қурбонларнинг беш нафари аргентиналиклар, бир нафари бельгиялик ва икки нафари америкалик эди.

Соипов дастлабки суд эшитувида қилмишидан афсусланмаслигини айтди. Теракт содир этиш ва терроризмда айбланган шахсда АҚШда ўлим жазоси белгиланган.