АҚШ президенти Дональд Трамп Нью-Йоркдаги терактдан кейин грин-карта лотереяларини бекор қилиш бўйича конгресс билан ишлашини айтди.

"Мен бугун виза диверсификацияси дастурини (грин-карта) бекор қилиш жараёнини бошлайман. Мен буни анчадан бери қилмоқчи эдим ва биз конгрессдан бу устида зудлик билан иш бошлашни сўраймиз. Биз бу лотерея дастуридан иложи борича тезроқ қутулишимиз керак", деб айтган Трамп журналистларга.

Аввалроқ Трамп теракт ижрочиси АҚШга грин-карта лотереясини ютиб келган ўзбекистонлик Сайфулло Соипов бўлганини айтган.

Трампнинг қўшимча қилишича, гумонланувчи АҚШга яна бир неча кишини чақиртирган бўлиши ва уларнинг сони 23 нафаргача етишини маълум қилган. Дастур АҚШга доимий келган шахс ўз қариндошларини ҳам олиб келишини кўзда тутади.

"Биз бу занжирли иммиграциядан қутулишимиз керак", деб айтган Трамп.

Diversity Visa дастури 1990 йилдан бери ўтказиб келинади ва унга кўра ҳар йили 50 минг муҳожир АҚШда доимий яшаш учун танлаб олинади. Визани олиш учун муайян таълим даражасига эга бўлиш ва инглиз тилини билиш ҳамда "давлат бўйнида ўтириш" истаги йўқлигини исботлаш керак.

Лотереяда АҚШга йилига 50 мингдан кўпроқ фуқароси келадиган давлатлар иштирок эта олмайди. Улар орасида Бангладеш, Бразилия, Буюк Британия, Вьетнам, Гаити, Доминикан республикаси, Ҳиндистон, Канада, Хитой, Колумбия, Жанубий Корея, Мексика, Нигерия, Покистон, Сальвадор, Филиппин, Эквадор ва Ямайка бор.