Шу йилнинг 12 октябрь кунида ташкил этилган матбуот брифингида Тошкент шаҳар ИИББ расмий вакили Дониёр Тошхўжаев ички ишлар идораси терговчисига нисбатан туҳмат қилган Facebook фойдаланувчилари Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган эди. У интернет фойдаланувчилари 27 июлда Сергелидаги кафелардан бирида пичоқланган қизнинг иши бўйича суриштирув олиб борган терговчи ва судланувчига ҳукм чиқарган судьяни пора олишда айблашганини билдирганди.

Фото: Facebook/Водители Ташкента

«Сергели тумани терговчиси унга туҳмат қилган фуқароларга нисбатан қонуний чоралар кўришни сўраб мурожаат қилди. Биз мурожаатни қабул қилиб, туҳмат қилганларни топиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўриши учун шаҳар прокуратурасига топширдик. Агар интернет фойдаланувчилари бизнинг ходим айбланувчидан қандайдир мукофот олганини даъво қилишса, далил келтиришсин. Бизнинг қонунчиликда туҳмат ҳақида модда бор. Фойдаланувчилар терговчини порахўрликда айблашди. Биз эса, бунинг туҳмат эканини исботлаш ниятидамиз», – деган эди Дониёр Тошхўжаев. 

Сергелида ёш қизни пичоқлаган шахс қўлга олинди

2 ноябрь куни ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур иш юзасидан олиб борилаётган суриштирув ишлари қайси босқичда эканига ойдинлик киритилди. 

Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, бугунги кунга қадар мазкур иш деярли 80 фоиз якунига етиб қолган. Унда 200 га яқин Facebook фойдаланувчисининг ёзган фикрлари ўрганилган. Шундан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг туҳмат қилиш моддасига мос тушувчи ҳолатлар бўйича 10 нафар фуқарога нисбатан ҳужжатлар тўпланганидан сўнг, кўриб чиқиш учун шаҳар прокуратурасига тақдим этилади.