1 ноябрь куни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси медиа-холл залида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишда ЎзННТМАнинг роли” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманининг асосий мақсади долзарб ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар масалаларни ҳал этишда ННТлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясини фаолияти тўғрисида кенг жамоатчилик хабардорлигини ошириш бўлди.

Ҳаракатлар стратериясининг қабул қилиниши мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришнинг барча соҳаларини ривожлантиришга кучли туртки берди. Ҳаракатлар стратегияси, мазмунан, мамлакатимизнинг ва жамиятимизнинг мақсадли йўналтирилган устувор ривожланишини тезлаштиришга ундайдиган яқин беш йиллик ислоҳотларнинг “йўл харитаси” бўлди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида “учинчи сектор”ни янада ривожлантириш ва ҳар томонлама кўмак кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган давр мобайнида бир қатор фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятини такомиллаштириш борасида чоралар кўрилди. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида жамоат ташкилотларининг бир қатор янги нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил этиш ва қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифлари давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (ФЖШМҚМИ), “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар ҳаракати, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Эзгу мақсад” жамғармаси, Маданият вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шулар жумласидандир.

Таъкидлаш лозимки, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бир қаторда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаол иштирок этди.

Анжуман иштирокчилари Ҳаракатлар стратегияси ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда Ассоциация томонидан кўрсатилган кўмаклар тўғрисида хабардор этилди.

Фото: Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси

Матбуот анжумани давомида спикерлар томонидан таъкидланганидек, Давлат дастурининг бажарилишига “Маҳалла” фонди, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Савдо-саноат палатаси, Ёзувчилар уюшмаси, Бастакорлар уюшмаси ва шу каби бошқа 23 ННТ жалб этилган.

Қайд этиш лозимки, Давлат дастурига жалб этилган ННТлар сони Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг давлат гранти танловлари ғолиблари ҳисобига ҳам кўпаймоқда. Хусусан, биргина “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга ННТлар фаол иштирокини таъминлаш” мавзуидаги эълон қилинган биринчи давлат гранти танлови якунларига кўра 51 ННТ ғолибликни қўлга киритди.

Қолаверса, Ассоциация 575 нодавлат нотижорат ташкилот саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи йирик фуқаролик жамияти институти эканлигининг ўзи Давлат дастурига жалб этилган ННТлар доираси кенгайишига катта туртки берди.

Кенг жамоатчиликнинг ҳар томонлама ривожланган ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги масъулиятини ошириш, уюшмаган ёшлар ва аёлларнинг ижтимоий кўникмасини таъминлаш бўйича Ассоциация фаоллари томонидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Биргина Давлат дастурининг 236-банди ижросини таъминлаш юзасидан “Фаровон юрт” ННТ билан ҳамкорликда ташкил этилган “Фидомиз сенга, Ўзбекистон!” шиори остидаги хайрия концертига 4,5 минг нафар киши қамраб олинди.

Ассоциациянинг йил давомидаги асосий вазифаларидан яна бири ёшлар ва аёлларни ҳунармандчиликка, оилавий тадбиркорликка, касаначиликка жалб қилиш учун қулай шароитларни яратишда ҳудудий ННТларга кўмаклашишдан иборат бўлди. Хусусан, Андижон вилояти “Меҳримиз сизга” ННТ томонидан 24 нафар кам таъминланган оилалардаги ишсиз аёллар тикувчиликка ўқитилди.

Ассоциация, шунингдек ногиронларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишга жойлашишларига кўмаклашиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратди. Масалан, Самарқанд вилояти ногирон аёллар ассоциацяси томонидан “Ёшлик” ва “Чўлқудуқ” маҳаллаларида яшовчи 10 нафар ногирон аёллар ишга жойлаштирилди, “Тошкандий” маҳалласида эса нонвойхона фаолияти ташкил этилди. Бундан ташқари, Ногиронлар жамияти Амударё туман бўлинмаси томонидан кўзи ожизлар учун замонавий кутубхона яратиш ишлари олиб борилмоқда.

Ассоциация турли комиссиялар ва эксперт гуруҳларидаги иштироки орқали ҳудудий ННТларга, айниқса, ногиронлар жамоат ташкилотларига уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқ ишларни амалга ошириб келмоқда. Мисол учун, Ассоциация Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармойиши асосида ташкил этилган Ногиронларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш комиссияси фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда.

Шу билан биргаликда, ўтган давр мобайнида Ассоциация ўз эътиборини атроф-муҳит муҳофазасини яхшилаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, саломатлик ва жисмоний тарбия каби масалалар тарғиботига алоҳида эътибор қаратди.

Ассоциация ва ҳудудий ННТлар мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган инсонларнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш ва муқобил энергия манбаларини жорий этишга кўмаклашиш бўйича тадбирлар амалга оширилди. Мисол учун, Ўзбекистон Экологик Форуми томонидан Жиззах вилоятининг Фориш туманида муқобил энергия ва томчилаб суғоришдан оқилона фойдаланиш бўйича деҳқон-фермерлар учун дала-ўқув майдончаси ташкил этилди.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга ННТларни кенг жалб этиш мақсадида, Ассоциация томонидан “Халқ фаровонлиги йўлида – биргамиз!” шиори остида кичик грантлар танлови ўтказилди.

Танловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида, мамлакатимиздаги етакчи жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат Мустақил экспертлар комиссияси тузилди. Комиссия томонидан 64 та ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар кўриб чиқилиб, шундан 18 таси ғолиб деб топилди. Уларга ажратилаётган маблағларнинг умумий қиймати 90 млн сўмни ташкил этмоқда.

Жойлардаги ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган халқаро ва хорижий ташкилотларнинг молиявий ресурсларини жалб этиш бўйича Ассоциация томонидан бир қатор ишлар олиб борилди. Мисол учун, Ассоциация ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўртасида “ННТ фаолиятида ёшларнинг иштироки орқали фуқаролик фаоллигини ошириш” лойиҳаси доирасида ҳудудларда бир қатор тадбирлар ўтказилди.

Фото: Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси

Франциянинг техник ривожланишга кўмаклашиш агентлиги (АКТЕД)нинг Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида ННТлар салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда.

ННТларни мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини баҳолаш ва таҳлил қилиш, келажакдаги ишларни ривожлантиришда хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда ННТлар фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишда хориж тажрибасини ўрганиш мақсадида, хорижий экспертлар билан бир қатор учрашувлар ўтказилди.

Матбуот анжуманида маърузачилар томонидан Ассоциациянинг ноябрь ва декабрь ойларида бўлиб ўтадиган муҳим тадбирлари ҳақида маълумот берилди. Тадбир давомида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий ғоялари ва лойиҳалари ярмаркасини ўтказиш, “Ижтимоий тадбиркорлик ва ННТ: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзуида халқаро конференция ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий форумининг ҳудудий ва республика босқичларини ўтказиш масалаларини иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди.

Юқоридаги ютуқлар билан бир қаторода Ассоциация ва унинг фаоллари томонидан Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Ҳудудларда ва марказда Ассоциациянинг экспертлар гуруҳлари аъзолари иштирокида турли давра суҳбатлари ва муҳокамалар ташкил этилмоқда.

Матбуот анжумани давомида иштирокчилар молиявий-хўжалик, аудит, бухгалтерия ҳисоби, солиқ ва солиққа тортишни самарали бошқариш бўйича ННТ вакилларини тизимли ўқитиш масалалари билан қизиқдилар.

Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлиқ сақлаш, атроф-муҳитни асраш каби соҳаларда, шунингдек аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ислоҳотларда тўлақонли иштирокини таъминлаш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, маданиятлараро мустаҳкам алоқани ўрнатиш, халқимизнинг кўп асрлик тарихий, маънавий-ахлоқий, маданий қадриятларини асраб авайлаш ва мустаҳкамлаш ишларида давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда ННТлар ролини янада кучайтириш масалалари иштирокчилар диққат марказида бўлди.