Россия ва Ўзбекистон РФ бош вазири Дмитрий Медведевнинг мамлакатимизга ташрифи давомида икки томонлама музокаралар якунлари бўйича ҳужжатлар пакетини имзолади. 

Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва унинг ҳамкасби Дмитрий Медведев иштирокида имзоланди. 

Икки мамлакат ўртасида қуйидаги ҳужжатлар пакети имзоланди: РФ Меҳнат ва бандлик федерал хизмати ва Ташқи меҳнат миграцияси масалалари билан шуғулланувчи агентлик ўртасидаги келишув, "Росатом" давлат корпорацияси ва Ўзбекистон Фанлар академияси ўртасидаги тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликка доир меморандум, "ТВЭЛ" АЖ ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядровий физика институти ўртасидаги ССР-СМ тадқиқот реактори учун ёқилғи ишлаб чиқариш ва уни етказиш тўғрисидаги шартнома.

Бундан ташқари, ҳужжатлар орасида "Шўртан ТККнинг тозаланган метан базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш" лойиҳасини молиялаштиришни ташкиллаштиришга доир келишув, "Жиззах вилоятида нефтни қайта ишловчи заводнинг қурилиши" инвестицион лойиҳасини молиялаштиришга доир базавий битим, Россия экспорт маркази ҳамда "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ ўртасидаги ҳамкорлик ва кредит лимитининг ўрнатилишига доир келишув ҳам бор.

Шунингдек Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги ҳамда РФ саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ўрмон саноати ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлаш технологиялари соҳасида ўзаро англашув меморандуми ҳам имзоланди. 

"Камаз" ва "Ўзавтосаноат" ҳамкорликка доир шартномани имзолади.

"Ўзқурилишматериаллари" ва Евроцемент гуруҳи ўртасида йилига 2,4 миллион тонна цемент ишлаб чиқарувчи "Янги цемент заводи қурилиши"га доир келишув имзоланди. 

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда "Газпромбанк" ўртасида Ўзбекистон-Россия тузилмавий молиялаштириш марказини яратиш тўғрисидаги келишув имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, Россия бош вазири Дмитрий Медведев 2 ноябрь куни икки кунлик расмий ташриф билан Тошкентга келган. У Ўзбекистон пойтахтига Пекиндан учиб келди, Медведев 31 октябрдан расмий ташриф билан Хитойда бўлган.