2017 йилнинг 28 октябрь куни соат 00:30 да, 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига 1997 йилда туғилган Турапов Олимжон “қорин олд девори ва чап сон соҳасида санчиб кесилган жароҳатлари” ташхиси билан мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан тушган хабарга кўра, ҳодиса жойига етиб борган тергов-тезкор гуруҳи томонидан жиноятни фош қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилган, деб маълум қилди Тошкент ШИИББ расмий вакили Дониёр Тошхўжаев.

Ушбу жиноят сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар таҳлил қилинганда қуйидагилар маълум бўлди:

2017 йил 27 октябрь куни “Боровский” номидаги тиббиёт коллежининг ўқувчиси, 1999 йилда туғилган М.А.; Ўртачирчиқ туманидаги “Транспорт” коллежининг ўқувчиси, 2001 йилда туғилган Ш.А.; “Туризм” коллежининг ўқувчиси 1998 йилда туғилган Ф.Х. Юнусобод тумани “Марказ-5” мавзесидаги кўп қаватли уйлар оралиғидаги болалар майдончасида танишлари, ҳеч қаерда ишламайдиган О.Т., Р.Т., С.Б., ва А.Р. билан биргаликда спиртли ичимликлар истеъмол қилиб ўтиришган.

Соат тахминан 23:45ларда шу жойдан ўтиб кетаётган, “Иброҳим” ва “Баҳодир” исмли шахслар, улардан тамаки маҳсулоти сўрашган ва иккала томоннинг маст ҳолатда бўлганликлари оқибатида ўзаро жанжал юзага келган. 

Мазкур жанжал давомида С.Б. ёнида бўлган сувенир пичоқ билан “Баҳодир” исмли шахсга тан жароҳати етказган. Аммо бу шахс ундан пичоқни тортиб олиб, шу пичоқ билан Турапов Олимжоннинг баданига бир неча маротаба уриб, оғир тан жароҳати етказган ҳолда ҳодиса жойидан яширинган.

“Айрим ёшларнинг тунги вақтларда назоратсиз юришлари, юқорида исм-шарифлари қайд этилган қизлар эса коллежда таҳсил олишса-да, ярим тунда, кўчада, одоб-аҳлоқ қоидаларини унутган ҳолда спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтиришлари, ёшларнинг бундай ҳатти-ҳаракатларига нисбатан фуқаролар томонидан лоқайдлик билан муносабатда бўлишлари каби ҳолатлар жиноят содир этилишига олиб келганлигини кўриш мумкин”,  - деди Тошхўжаев. 

Унинг айтишича, бу, ўз навбатида “Боровский”, “Транспорт” ва “Туризм” каби айрим коллежларда ўқувчилар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар ўз аҳволига ташлаб қўйилганлиги, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар эса фарзандлар келажагига нисбатан масъулиятсизлик билан муносабатда бўлаётганидан далолат беради.     

“Жиноятлар профилактикаси учун нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, ўзини-ўзи бошқарув органлари, маҳалла фаоллари ва ҳар бир фуқаро масъул эканлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман”, - деди матбуот брифингида ШИИББ расмий вакили. “Шовқин-суронни, ёшларнинг ичиб ўтирганини кўрган фуқаролар, ўзлари уларни тарқатишга ҳаракат қилмаган тақдирларида ҳам, ички ишлар идораларига атиги бир марта қўнғироқ қилиб, огоҳлантиришлари мумкин эди”, - дея ўз фикрини билдириб ўтди Тошхўжаев.

Унинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 104-моддаси 1-қисми (яъни қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари мазкур жиноятни муқаддам босқинчилик жиноятини содир этганлиги учун судланган Б.М. ва И.А. содир этилганлиги аниқланиб, ушбу шахслар қўлга олинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.