АҚШ 2017 йил 30 сентябрда тугаган молиявий йил ичида ҳарбий разведканинг ўзига 18,4 млрд доллар сарфлаган. Бу ҳақда Пентагон маълум қилди.  

2 ноябрда тарқатилган қисқа баёнотда “ҳарбий разведка дастурини, жумладан хорижий операцияларни амалга ошириш учун бир йиллик бюджет 18,4 млрд долларни ташкил қилгани” маълум қилинган. АҚШ мудофаа вазирлиги баёнотда “бу дастур ва унинг молиялаштирилиши бўйича бошқа ҳеч қандай маълумот хавфсизлик нуқтаи назаридан тақдим қилинмаслигини” маълум қилган.  

Июнда Пентагон АҚШ конгрессидан 2018 молиявий йилда ҳарбий разведкага 20,7 млрд доллар сўраганини маълум қилган. Бу қиймат ҳали ҳам муҳокама қилинаётган мудофаа харажатлари бюджет лойиҳасига киритилади. Оқ уй кейинги молиявий йилда мудофаа вазирлигига 668 млрд доллар ажратилишини сўраган. Яна 60 млрд доллар хорижда, жумладан Сурия, Ироқ ва Афғонистонда операцияларни амалга ошириш учун сўралган.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ мудофаа вазирлигининг разведка бошқармасида 3 октябрда раҳбарият ўзгарди. Унга энди генерал-лейтенант Роберт Эшли бошчилик қилмоқда. Бу бошқармада 16,5 минг ҳарбий ва ноҳарбий ходимлар фаолият юритади ҳамда улардан деярли 50 фоизи АҚШдан ташқарида, жумладан 140 тадан кўпроқ давлатда ўз олдиларига қўйилган вазифаларни адо этади.