Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Риштон тумани чегарасида Қайрағоч ҚФЙ бор. Бу ердагилар ўзининг деҳқончилиги, ноёб қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан элда эътибор топган кишилардан. Мирзараҳмон ака Баннопов узоқ йиллар давомида вилоят ривожи учун ҳисса қўшган инсонлардан. 2015 йилда нафақага чиқиб деҳқончиликни йўлга қўйди. Ҳар доим ноодатий маҳсулотлар ўстириш ва уларни парвариш қилиш мақсадида бўлган меҳнат фахрийси Япониядан оқ турп уруғларини олиб келиб ерга қадади.    

Айтиш жоизки, япон турпи такрорий экин саналади. Такрорий экин жойлаштирилган майдонлар эса янада маданийлаштирилади, ерга қайта ишлов бериш орқали бегона ўтлар йўқотилиб, тупроқ унумдорлиги ортади. Энг асосийси, аҳолимизни йил давомида витаминларга бой оқ турп билан таъминлаш имконияти вужудга келади. 

Бошқа сабзавотларда мавжуд бўлмаган ўзига хос таъмига қараб, кўп таомларга қўшимча салатга қўшиб истеъмол қилинади. Япон турпи таркибида углеводлар, ферментлар, витаминлар, эфир мойлари бор. Илдизмевасида 90% гача сув, шунингдек, қанд, бириктирувчи модда, унинг фитонцид ва бактерицид хусусиятларини белгиловчи олтингугуртли моддалар, кислоталар, натрий тузи, калий, кальций, магний, фосфор, темир, аминокислоталар ва бошқалар бор.  Япон турпи ўзининг таркибига кўра қиш фаслида, баҳор бошланишида, халқимиз "илик узилди" деб атайдиган кунларда, организмда етишмаётган витаминлар ва минерал тузлар ўрнини тўлдиришда жуда фойдалидир. У микробларга қарши курашувчан кучли хусусиятларга эга. 

Мирзараҳмон Баннопов айни вақтда 60 ёшни қаршилаган. Аммо ҳамон уни куч-қувват, меҳнатсеварлик тарк этгани йўқ. Бундай дейишимиз бежиз эмас. Қаҳрамонимиз ҳар йили 30 сотихлик томорқасида карам ҳам экади. Ҳамқишлоқларининг гап-сўзларига қараганда, бир йили у етиштирган бир дона карам 25 килограмм тош босган экан. 

Иш билганга минг танга, деган гап бор. Қайрағочликлар буни биргина томорқачилик мисолида исботлашмоқда. Шунинг ҳисобидан кимдир янги машина сотиб оляпти, кимдир иморат қураяпти. Яна ким учундир  бу асосий даромад манбаи бўлса, бошқаларнинг оилавий бюджетига қўшимча фойда келтиряпти. Яна бир томони, томорқадаги меҳнат оилада вояга етаётган фарзандлар онгида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Ёш бола кетмонга ёки бошқа иш қуролига қўл теккизадими, ҳаётда қийинчиликка учрамайди, ҳалол ишлаш ва яшашга ҳаракат қилади. 

Аҳрор Зиё, Фарғона