Ferrari жамоаси агар “Формула 1” пойгаларининг янги қоидалари компания манфаатларига зид келса, пойгаларни 2020 йилдан кейин тарк этиши мумкин. Бу ҳақда 3 ноябрда компания президенти Сержио Маркионне маълум қилди.

“Формула 1”нинг эгаси, АҚШнинг Liberty Media корпорацияси 31 октябрда пойга машиналарининг двигателларига янги талаблар тақдим қилди. 7 ноябрда Liberty Media чемпионатдаги жамоалар билан амалдаги шартнома муддати тугагандан кейин 2021 йилдан кучга кирадиган бошқа ўзгаришларни ҳам маълум қилади.

Маркионне эса тақдим қилинган ўзгаришлардан норозилик билдирган ва унинг фикрича, Ferrari ва Liberty Media ўртасида стратегик ривожланиш  бўйича қарашлар мос эмаслигини айтган.

“Формула 1” пайдо бўлганимиздан бери ДНКмиз бўлган. Бироқ шуни англаш керакки, агар брендни қўллаб-қувватлаш ва Ferrari мавқеини мустаҳкамлаш учун шароитлар бўлмаса, биз пойгаларда иштирок этмаймиз”, деб айтган Маркионне.

Маркионне Ferrari’ни пойгадан олиб чиққан бошқарувчи сифатида ўзини қандай ҳис қилиши ҳақидаги саволга “Миллион долларга, чунки мен муқобил стратегия устида ишлайман”, деб жавоб қилган.

Унинг айтишича, Liberty Media вакиллари билан 7 ноябрдаги учрашувдан аввал якуний хулосалар қилинмайди.

Аввалроқ янги тартиб-қоидалар юзасидан ўз хавотирларини Mercedes ва Renault жамоалари ҳам билдирганди.

Ferrari “Формула 1”нинг 1950 йилдаги илк чемпионатидан бери унда иштирок этиб келаётган ягона жамоадир. У пойгалардаги энг муваффақиятли жамоа ҳисобланади: жамоа пойгачилари 228 марта ғалаба қозонишган ва бу рекорд ҳисобланади.