Alphabet компаниясининг директорлар кенгаши раиси, миллиардер Эрик Шмидт АҚШ ҳукумати сунъий интеллект (СИ) соҳасида етакчиликни сақлаб қолиш учун кўпроқ чоралар кўриши керак, деб ҳисоблайди. Июль ойида Хитой СИ стратегиясини тақдим этди, унга кўра, мамлакат 2030 йилга бориб соҳа етакчисига айланишни режалаштирмоқда, деб ёзади Business Insider.

"Менга ишонинг, хитойликлар СИ соҳасида жуда фаол ва улар бу технологияни ҳам тижорий, ҳам ҳарбий мақсадларда қўллашади", - деди Шмидт сунъий интеллект ва глобал хавфсизликка доир йиғилишда.

"Бу жуда осон, - дейди хитойликларнинг июль ойидаги ҳисоботи билан танишиб чиққан Шмидт. - 2020 йилда улар бизга етиб олишади, 2025 йилда биздан яхши ишлай бошлашади ва 2030 йилга бориб СИ соҳасида етакчига айланишади. Бунинг учун уларга кўп вақт керак эмас". 

АҚШда СИ-технологиялари ривожи билан Google, Facebook, Microsoft, IBM, OpenAI каби АТ-гигантлари шуғулланади, бироқ Хитойда ҳам бунга муносиб жавоб қайтара олувчи илғор АТ-компаниялар мавжуд - Alibaba, Baidu ва Tencent.

Пентагон муҳофазаси соҳасида Инновациялар бўйича маслаҳатчи кенгашни бошқарувчи Шмидт АҚШни СИга доир мамлакат стратегияси йўқлиги ҳамда энг янги дастурий таъминотларни секин жорий қилаётганлиги учун танқид қилди.

Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллект АҚШ ҳарбий кучларида муайян ўринга эга. Бунга яққол мисол сифатида СИдаги кузатув иловаларидан бири келтирилади. "Қўпол қилиб айтганда, одамларнинг узоқ вақт давомида, диққатни сусайтирмай бирор нимани кузатиши 100 фоизлик натижа бермайди. Компьютерлар эса узоқ вақт мобайнида кузатув олиб бориши мумкин, уларнинг эътибори сусаймайди, улар бошқа нарсаларга чалғишмайди, қандайдир ўзгариш аниқланган тақдирда эса, инсонларни огоҳлантиради. Бу технологиядан фойдаланишнинг энг оддий йўли, бироқ бизнинг ҳарбийларимиз анъанага кўра, қўмондонлардан фойдаланмоқда, гўёки бу одамлар учун энг яхши қўлланмадек", - дейди Шмидт.

Шмидтнинг таъкидлашича, ҳарбийлар СИ-экспертларга кўпроқ пул таклиф қилиш йўлини топишлари керак. "Биз Карнеги-Меллон ва бошқа олий таълим муассасалари битирувчилари ҳар қачонгидан ҳам талабгор бўлган даврда яшаяпмиз. Улар 20 ёшиданоқ кўп миллионли таклифлар олишади. Бундай одамлар бозорда жуда қадрли", - дея таъкидлайди Шмидт.

Шу билан бирга, Шмидт АҚШ бутун дунёдан келувчи СИ-мутахассисларнинг мамлакатга киришини соддалаштириши кераклигини қўшимча қилди. "Энг яхши мутахассисларнинг Американи қўймайдиган мамлакатларда яшаши шок, албатта, - деди у. - Эрон дунёдаги энг ақлли АТ-мутахассисларни етиштиради. Мен уларнинг бу ерга келиши тарафдориман. Мен уларнинг Alphabet ва Google'да ишлашларини истайман. Бу одамларни мамлакатга қўймаслик - мисли кўрилмаган аҳмоқлик".

Шундай бўлса-да, ҳозирча Хитой СИ-пойгасида АҚШдан ортда қолмоқда. Бунга сабаб - хитойлик истеъдодли СИ-мутахассисларнинг АҚШга кўчиб кетаётганлигида, улар ўз ватанларида маълум бир ютуқларни қўлга киритганларидан сўнг Америкага кўчиб кетишмоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида Эндрю Инни келтириш мумкин, унинг кетиши Хитойнинг Baidu корпорациясига 1,5 миллиард долларга тушди.