Чехия пойтахти Прагада Миллий олимпия қўмиталари Ассоциациясининг XXII Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Унда Ассоциацияга аъзо барча – 206 та Миллий олимпия қўмиталари вакиллари, Халқаро ва қитъа Олимпия қўмиталари раҳбарлари, Бутунжаҳон спорт федерациялар ва Ассоциациялар мутасаддилари иштирок этишмоқда. 

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, мамлакатимиз номидан Миллий олимпия қўмиталари Ассоциацияси (МОҚА) Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов қатнашмоқда. Чехияга сафари давомида Қосимовнинг бир қатор Халқаро спорт ташкилотлари, федерация ва Ассоциациялар раҳбарлари билан учрашуви белгилаб қўйилганди. 

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах билан учрашув жараёнида жаҳоннинг энг нуфузли спорт ташкилоти раҳбари Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб бораётганлиги, спортга давлат томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканлигини изҳор қилди. 

Ана шу эътибор натижасида 2012 йили Лондонда бўлиб ўтган XXX ёзги Олимпия ўйинларидан сўнг ўзбек спортида кескин юксалиш кўзга ташлангани ва бунинг самараси ўлароқ ўзбекистонлик спортчилар Рио-2016 ёзги Олиипия ўйинларида ҳар қачонгидан-да муваффақиятли иштирок этиб, бутун дунёни ҳайратга солишганини эслаб ўтди. Ўз навбатида Ойбек Қосимов Халқаро олимпия қўмитаси президентини Тошкентга расман таклиф қилди. Томас Бах эса бу таклифни мамнуният билан қабул қилиб, 2018-йилги Пёнгчан (Жанубий Корея)даги қишки Олимпия ўйинлари якунлангач, март ойида пойтахтга ташриф буюришини таъкидлаб ўтди. 

О.Қосимов Прагада шунингдек, Миллий олимпия қўмиталари Ассоциацияси (МОҚА) раҳбари, Осиё Олимпия Кенгаши Президенти шайх Аҳмад ал Фахад ал Сабоҳ билан ҳам учрашди. Мазкур учрашувда томонлар қитъамизда спорт тараққиёти, Олимпизм ғоялари, Олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш масалаларида фикр алмашишди. Ал Сабоҳ учрашув жараёнида 2017 йилнинг якунига қадар Тошкентга келишга ваъда берди.