«Ўзавтосаноат» АЖ ва «КАМАЗ» ОАЖ  ўртасида 2017 йил 2 ноябрь куни Ўзбекистонда юк автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутувчи ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Ҳужжатни «КАМАЗ» ОАЖ бош директори Сергей Когогин ва «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Умиджон Салимов имзолади.

«КАМАЗ» ОАЖ компаниясининг маълумотларига кўра, томонлар UzAutoTrailer МЧЖ базасида КАМАЗ бренди остида юк машиналарини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдалар. Келгусида томонлар Ўзбекистон ҳудудида автомобилларни йиғиш бўйича қўшма корхона ташкил этишни мўлжаллашган.

Шартномага мувофиқ, «КАМАЗ» ОАЖ ва «Ўзавтосаноат» АЖ «КАМАЗ» ташқи савдо компанияси» АЖ ва «UzAutoTrailer» МЧЖ орқали фаолият олиб боради.

«КАМАЗ» ташқи савдо компанияси» UzAutoTrailer’га эҳтиёт қисмлари ва деталлар тўпламларини етказиб беради. Ўзбек компанияси шассини йиғиш билан шуғулланади ва ўзи ҳамда қўшма корхона устқурмасини барпо этади.