Қирғизистоннинг Талас шаҳрида Қозоғистон билан чегарадаги вазиятни тартибга солиш талаби билан 150 киши норозилик акцияси ўтказган. Бу ҳақда Талас ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Динара Сарногоева маълум қилди.  

Гап шундаки, Қозоғистон 10 октябрда Қирғизистон билан чегарадаги назоратни кучайтирган ва Қирғизистондан юкларнинг ўтишини 3 мартага қисқартирган. Бу эса чегарада юк машиналарининг бир неча километрларгача чўзилган тирбандлигини келтириб чиқарган. Юк машиналардан 80 фоизи Евросиё иқтисодий иттифоқи бозори учун етиштирилган мева-сабзавотлар билан Россияга кетаётган бўлган. Қозоғистон киритган чекловлардан чегарада жойлашган Талас вилояти энг кўп жабр кўрган.     

“Умуман, Таласда вазият тинч. Намойишда тартиб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томондан таъминланмоқда. Талаблар орасида Қозоғистон билан чегарадаги вазиятни тартибга солиш бор”, деб маълум қилинган хабарда.  

ОАВ маълумотларига кўра, намойишчилар шунингдек Қирғизистон президенти Алмазбак Атамбоевнинг вилоят аҳолисидан узр сўрашини талаб қилишмоқда. Намойишчилар фикрича, Атамбоев вилоятда яшовчиларни “Манас” миллий достони қаҳрамонига ҳурматсизликда айблаб, ноҳақ танқид қилган. 

Сентябрда Қирғизистондаги сайловлар билан боғлиқ ҳолда Остона ва Бишкек ўртасида дипломатик можаро келиб чиққан. Қозоғистон Қирғизистон билан чегарада кучайтирилган хавфсизлик чоралари киритган, бунинг натижасида чегарани кесиб ўтувчилар сони 2,5 маротабага қисқарган. Қирғизистон томонда юк машиналарининг бир неча километрлик тирбандлиги вужудга келган. 

3 ноябрда МДҲ ҳукуматлари раҳбарлари кенгашида Қирғизистон бош вазири Сапар Исаков республика, унинг айтишича, Қозоғистон томондан юкларнинг ҳаддан ташқари назорат қилиниши масаласини Жаҳон савдо ташкилотида кўтаришига ваъда берган. Бунга жавобан Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сағинтаев Қирғизистон билан чегарада назоратнинг кучайтирилиши Бишкекка қарши эмас, балки контрабанда ҳажмини камайтиришга қаратилганини айтган.