Жорий йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Ҳиндистон Қуролли Кучлари Штаб коллежи ҳарбий мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари таркиби билан “Ҳиндистон Қуролли Кучлари таркибий тузилиши ва қурилиши ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлар” ва “Ҳарбий машғулотларни ўтказиш услублари” каби мавзуларда маъруза ва семинар машғулотлари ўтказилди. Бу ҳақда KUN.UZ’га Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида ҳарбий таълим йўналишида йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик натижасида нуфузли ҳарбий академиялар ва марказлар вакиллари билан муайян тажриба алмашиб келинмоқда. Бу эса ўз навбатида профессор-ўқитувчилар, тингловчилар учун долзарб масалалар бўйича хорижий экспертларнинг илмий қарашлари ва хулосаларини ўрганиш, соҳадаги энг сўнгги маълумотлардан хабардор бўлиш ва уларни атрофлича таҳлил қилиш, мавжуд билимларни янада бойитиш, шунингдек, қуролли кучларни қўллаш стратегияси ва тактикасини янада такомиллаштириш, жанговар операцияларни олиб боришнинг замонавий тажрибасини чуқур ва пухта эгаллашга хизмат қилади.

Фото: Мудофаа вазирлиги

– Ҳарбий соҳа ва ҳарбий санъат ривожидаги асосий тенденцияларни акс эттирадиган, принципиал жиҳатдан янги мутахассислик ва илм-фан йўналишларини жанговар ҳаракатларни олиб боришнинг хорижий тажрибаси, замонавий шакл ва методларини ҳисобга олган ҳолда ҳарбий кадрларга ўргатиш олдимизда турган ишларнинг энг масъулиятли жабҳасидир, – дейди Қуролли Кучлар академияси кафедра бошлиғи полковник Мурод Ибрагимов. – Айни вақтда олий ҳарбий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, кўп йиллик хизмат тажрибасига эга офицерлар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, долзарб йўналишлардаги изланишлар хориж тажрибасига таянган ҳолда амалга оширилмоқда.

Фото: Мудофаа вазирлиги