Июнь ойида «Реал» 12-марта Европа Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритган, турнир тарихида қаторасига икки марта чемпион бўлган жамоага айланганди. Август ойида «Қироллик клуби» Испания Суперкубоги учун «Барселона»га қарши кечган икки ўйинда ҳам ғалаба қозонди (умумий ҳисоб 5:1). Октябрь ойида эса Ла лига дебютанти «Жирона»га ютқазди (1:2), бу мадридликлар жамоасининг чемпионатда иккинчи марта мағлуб бўлиши эди. Жамоа турнир жадвалида «Барселона»дан 8 очко ортда қолмоқда. Ноябрнинг биринчи кунида эса «Уэмбли»да илк учрашувни ўтказган «Реал» «Тоттенҳэм»га ютқазди (1:3). Бу Зидан жамоасининг Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида илк марта мағлуб бўлишидир. Қолаверса, бу Мадрид жамоасининг ЕЧЛ гуруҳ босқичида кейинги 10 йил ичидаги илк марта икки тўп фарқи билан мағлубиятга учраши бўлди. 2008 йилда жамоа «Ювентус»га ютқазган. 

Кейинги икки йилда тенгсиз бўлган жаҳоннинг энг яхши клубига кейинги икки ойда нима бўлди?

Иштиёқнинг йўқолиши

Фото: Champions League

Кейинги 5 йил ичида «Реал» футболчилари Чемпионлар лигаси кубогини 3 марта бош узра кўтаришди, 2017 йилнинг майида Испания чемпионлиги ҳам нишонланди. «Десима»ни «Реал» охирги марта 2002 йилда қайд этганди. Кейинги даврда «Реал»  Европа майдонларида яхши натижалар кўрсатсада, ички чемпионатда «Барселона»дан ортда қоларди. Ўтган йилда эса жамоа яққол кучли ўйин кўрсатди ва 5 йил ичида илк марта Испания чемпионлигини нишонлади.

Кардиффда, ЕЧЛ финалида «Ювентус» тор-мор этилди (4:1), Европа Суперкубоги учун баҳсда «МЮ» устидан ғалаба қозонилди (2:1), Испания Суперкубогида «Барселона» таслим қилинди. Ва бирдан совринларга «тўйиб қолиш» юз берди. Бу табиий жараён, буни барча спортчилар бошдан ўтказади, бундай паллада улар профессионаллик намойиш этиши талаб этилади.

«Бу натижа алдамчи. Мен «Тоттенҳэм»нинг натижаларига кўз юммайман, мухлисларнинг пессимизмини ҳам тушунаман. Аммо «Реал» ҳамиша қайта олади ва биз бизни ўлдига чиқарганларга жойини кўрсатиб қўямиз. Албатта биз бу ўйинга ғалаба учун тушгандик. Ғалаба бўлмаса, одамларнинг фикри осон ўзгаради. Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, бундай вазиятда хотиржамлик сақлаб қолишим мумкин», — деди Рамос Лондондаги аламли мағлубиятдан кейин.

«Реал» узоқ вақт давомида «Барселона»нинг муваффақиятларини пастдан туриб кузатганди ва халқаро майдонда ғалабали онларни бошлаш учун куч ва ғазаб тўплади. Жамоа ўтган асрнинг иккинчи ярмида, 1956 йилдан 1960 йилгача бўлган вақт ичида 5 марта Европанинг тенгсиз жамоаси бўлганди. Профессионализм ўз йўлига, аммо спортда ғалабага ташналик кўп нарсани ҳал қилади. Қачонки у йўқолса, ҳаракат сустлашади. Жамоа бўйича ҳам, алоҳида ҳолда ҳам.

Криштиану Роналду Евро-2016 чемпионатида ёрқин ўйин намойиш этди, 4 йил ичида 3 марта «Олтин тўп» олди (декабрь ойида у навбатдаги мукофотни қўлга киритиши ойдинлашмоқда) – португалиялик футболчи эришмаган мақсад қолдими? Энг юқорида бўлган «Реал» энди кимга ҳамла қилиши керак эди, бу чўққида ундан бошқа ҳеч ким йўқ бўлса?

Жароҳатлар

Фото: Marca

Вазиятга реал ёндашилса, юзага келган инқирознинг асл сабаби жароҳатлар сифатида кўрсатилади. Ўтган мавсумда Зиданни ротациялар қироли деб аташганди: футболчиларни майдонга шундай жойлаштирардики, етакчи футболчилар кўп куч сақлаши ва жароҳатлардан сақланиши мумкин эди. Якунда Кардифф финалида «Реал» биринчи бўлим охирига борибоқ чарчаб қолган «Ювентус»ни осонлик билан таслим этди. Бу сафар эса бундай бўлмаяпти. «Қаймоқранглилар» жамоаси лазарети кишини ваҳимага солади: Бэйл, Карвахаль, Ковачич, Навас, Варан – булар ҳамон жароҳатдан тузалишда давом этаётган футболчилар рўйхати. Марсело жароҳати туфайли бир неча ҳафтани ўтказиб юборди, Бензема 1 ой давомида жамоага ёрдам бера олмади – бундай ҳолатда ротация қилиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Бразилиялик ва француз футболчилар ҳозирда сафга қайтган бўлишсада, аввалги формасига қайта олишмаяпти, дарвозани эса тажрибасиз Касилья қўриқламоқда, Зидан қанотни Ашрафга топширишга мажбур бўлмоқда – аммо у Карвахаль каби эмас.

«Эҳтимол айрим футболчиларнинг жисмоний ҳолати бошқаларникидан ёмонроқдир. Аммо умуман олиб қаралса, бизнинг футболчиларимиз яхши ҳолатда. Албатта, биз бу натижалардан хурсанд эмасмиз. Аммо ҳали олдинда кўплаб ўйинлар бор ва биз вазиятни ўзгартира оламиз», деган Зидан.

Етакчиларда пасайиш

Фото: Bleacher Sport

«Реал» ўтган йили ҳам оғир вазиятлар билан тўқнашганди. Аммо жамоани икки нарса қутқариб қоларди: ёки 93-дақиқада Серхио Рамоснинг боши (унинг охирги дақиқаларда урилган голлари ғалабалар ва дуранглар олиб келарди), ёки Роналду барчасини ўз қўлига, аниқроғи оёғига олар ва бир ўзи ўйинни ҳал этарди. Рамос бу мавсумда ҳам рақиб жарима майдонига келмоқда, аммо бефойда. Португалиялик футболчи учун эса жорий чемпионат буткул омадсиз келди, аввалига у 4 ўйинга дисквалификация қилинди. У қайтганидан кейин «Реал» 6 ўйин ўтказиб, 2 бор мағлуб бўлди, Криштиану бу ўйинларда фақат бир гол урди. Мадрид «қироли» сукутга чўмди, у фақат «Тоттенҳэм»га қарши ўйиндан кейин тилга кирди.

«Таркибимизга қўшилган футболчилар катта салоҳиятга эга. Аммо Пепе, Хамес ва Мората билан «Реал» кучлироқ эди. Янги келганлар эса ҳали ёш. Бундан ташқари, бизга Карвахал ва Бэйл етишмаяпти.

«Реал» — кучсиз жамоа эмас, бироқ ҳозирги таркибнинг тажрибаси камроқ, бу эса муҳим жиҳат. Бу гапларим билан мағлубиятга баҳона изламаяпман», деди у Marca нашрига берган интервьюсида.

Кучсиз захира

«Реал» мавсумлар оралиғида осонлик билан Альваро Мората (у «Челси»га ўтди) ва Хамес Родригесдан (у «Бавария» томонидан ижарага олинди) воз кечди. Бу футболчилар ўтган мавсумда майдонга тушиб, ўйинни сезиларли даражада кучайтира олишар, муҳим голларни уришарди. Колумбиялик футболчи асосан захирадан ўйинга қўшилган бўлсада, 11 гол урган ва 11 голга узатма берган, испаниялик футболчида эса кўрсаткичлар янада яхшироқ – 20 гол ва 4та голли пас.

Жорий мавсумда 10 турдан кейин «Қироллик клуби» 19 гол урди, энг яхши бомбардирлар – Марко Асенсио ва Иско (3тадан гол), у Роналду ва Бензема фақат бир мартадан рақиблар дарвозаларини ишғол этган. Захирадан ўйинни кучайтириши керак бўлган футболчилар – Лукас Васкес, Маркос Льоренте, Дани Себальос кабилар ўз имкониятлари даражасида ўйин кўрсатишмаяпти. Бу вақтда Альваро Лондонда, Англия премьер-лигасида 7 гол уриб бўлди.

Вазиятлардан фойдалана олмаслик

Фото: AS

«Реал» ҳар ўйинда ҳужум қилмоқда ва зарбалар бермоқда. Аммо самарадорлик кўрсаткичлари жуда паст. Ҳар ўн зарбадан фақат биттаси голга айланган (193 зарбадан 19 гол). Роналду кўп марта дарвоза тўсинига тўпни теккизди, бир неча марта бир неча метрдан гол ура олмади, Бензема қушларни нишонга олади, Бэйл эса юлдузларни. Бугунги «Реал»да энг яхши футболчи – Иско, аммо у ҳеч бир ўйинда ёлғиз ўзи жамоани қутқара олмади. У фантастик формада, у ҳар ўйинда жамоадошларини ўткир паслари билан олдинга бошлайди, ажойиб финтлар ва айёрона зарбалари билан рақибларни шошириб қўяди, аммо уни қўллаб-қувватловчи йўқ. Жамоа бир механизм эмас, ҳамма футболчи ҳам оёққа тура олмаяпти.

Зиданга чақириқ

Бундай ёмон старт «Реал»да Жозе Моуриньо давридан буён кузатилмаганди. Охирги марта мадридлар илк 10 турда 20 очко жамғариши 2012/13 йилги мавсумда кузатилган. Ўша мавсум португалиялик мутахассис учун Испания пойтахтидаги охирги мавсумга айланган, жамоа мавсумни Тито Виланова бошқарувидаги «Барселона»дан 15 очко ортда қолган ҳолда иккинчи ўринда якунлаганди. 2006/07 йилги мавсумда ҳам, Фабио Капелло мураббий бўлганида мадридликлар илк 10 турда 20 очко жамғарган, аммо ўша мавсумда жамоа охиригача курашган ва якунда чемпионликка эришганди. Бугунги вазиятни Зинедин Зидан учун муҳим чақириқ деб баҳолаш мумкин: «Реал» ҳеч қачон биринчи ўриндаги жамоадан 8 очко ортда бориб, якунда чемпионликка эриша олмаган. Бу йил баҳорда нима бўлиши қизиқ: «Қироллик клуби» тарихни ўзгартирадими ёки тожини ғолиб оёқлари остига ташлайдими?