Мамлакатда аёллар ҳуқуқи билан боғлиқ бир нечта халқаро конвенция, битим ва шартномалар имзоланганки, буларнинг барчаси жамиятда аёллар мавқеини юксак даражага кўтариш йўлида ташланган ўта муҳим қадам ҳисобланади.

Ушбу халқаро ҳужжатларда аёлнинг мамлакат равнақи, жамият ва оила тараққиётидаги роли эътироф этилиб, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликлардан фойдаланишда эркаклар билан тенглигини таъминлаш, хотин-қизлар манфаатларининг камситилиши ва ҳуқуқлари чекланишига йўл қўймаслик талаби илгари сурилган. Хусусан, хотин-қизлар меҳнатидан фойдаланишни тўғри йўлга қўйиш, уларни ишга қабул қилиш вақтида чеклашларга йўл қўймаслик, ҳомиладор, ёш болали аёлларга берилган имтиёз ва ҳуқуқлар эса Меҳнат кодексида ўз аксини топган.

Ўзбекистон Республикасида аёлларни эрга тегишли мажбурлаш ёки бошқа ғаразли мақсадларда фойдаланиш учун сотиш, хўрлаш, зўрлаб номусига тегиш ва бошқа конституциявий ҳуқуқларини поймол қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарлик белгиланган.

Бугун уй-рўзғор юмушларидан ташқари, фарзандларининг тарбиясига ҳам вақт топаётган, шу аснода, ўзини замонга мослаб яшаётган опа-сингилларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Улар эл ишончига, юрт ардоғига сазовор бўлишаяпти. Афсуски, улар қаторида яна шундайлари ҳам борки, бундайлар аёл номига доғ тушириб, қинғир ишларга қўл урмоқдалар. Охир-оқибат эса суднинг қора курсисидан жой олишмоқда.

Жамиятда инсон янглишиши, хато қилиши мумкин. Ақли расо одам ушбу хатоси қонуний жазога сабаб бўлса, бундан ўзига тегишли хулоса чиқаради. Жамиятда хато қилиб, кейин тўғри йўлга тушиб олганлар талайгина. Қолаверса, “оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади” деган гап ҳам бор. Бироқ бир неча маротаба “оғзи куйгани”га қарамай, жиноят устига жиноят содир этаётганлар ҳам орамизда учраб турибди.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Санам Исматова (исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг ёши 45 дан ошган бўлса-да, ўзини тўғри йўлга солмади. У ўтган йилнинг март ойида бир гуруҳ шахслар билан тил бириктиради (жиноят ишининг уларга нисбатан қисми алоҳида иш юритувга ажратилган). Режага кўра, гуруҳ аъзолари фоҳишахона ташкил қилишни мақсад қилишади ва иш топиб бериш баҳонасида икки нафар аёлни алдаб, Тошкент шаҳрига олиб келишади. Уларни бир хонага қамаб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини олиб қўйишади-да, мижозларга “пуллаш” ҳаракатига тушишади. Шукрки, С.Исматова бошчилигидаги жиноий гуруҳ аъзолари мақсадларига етолмадилар. Аёлларни мижозлар қўлига топшираётганларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди.

Одамфуруш Санам Исматованинг қилмишларини атрофлича кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди унга тегишли жазо тайинлади.