Манҳэттенда душанба куни Сайфулло Соипов томонидан амалга оширилган теракт туфайли қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Муҳаммадзоир Қодиров саккиз кишининг ҳаётига зомин бўлган фожиага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу ҳақда AP ахборот агентлиги 2 ноябрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилига таяниб хабар тарқатган.

Унинг сўзларига кўра, Қодиров Соиповнинг жуда кам сонли дўстларидан бири бўлган, бироқ, кўп эҳтимол билан терактга тайёргарлик кўришда иштирок этмаган.

Қодиров Соипов юк машинасини Манҳэттен жануби-ғарбий қисмидаги велосипед йўлагига атайин ҳайдаб бориб, пиёдалар ва велосипедчиларни уриб кетганидан сўнг бир неча соат ўтар-ўтмас, қидирувга берилган. Соипов полициячи ўқидан яраланди ва ҳибсга олинди, ФҚБ агентлари эса Қодировни қидиришга киришишди ҳамда тез орада у қаерда экани аниқланди.

Агентликнинг таъкидлашича, Қодиров террорчилик ҳужумига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинмаган. Агентликда бўлган баёнот матнида унинг кўрсатишича, «юраги бор ҳеч бир инсон бундай жиноятни содир эта олмасди». Шунингдек, у терактни «аччиқ ҳамда ақл бовар қилмайдиган» деб атаган.

Аввалроқ, Reuters агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидан манбага таяниб хабар қилишича, Соипов Қодировдан бошқа бир шахс билан ҳам алоқада бўлган. Манба унинг исмини ошкор этмади.