Каталония ҳукумати раҳбари лавозимидан четлатилган Карлес Пучдемон ўз маслаҳатчиларининг Испания ҳукумати томондан ҳибсга олинишини “жиддий хато” ва “демократияга ҳужум” деб атади. У бу ҳақда Брюсселда айтиб ўтди.

“Ҳукуматнинг қонуний раҳбари сифатида маслаҳатчиларнинг озод этилишини талаб қиламан, уларнинг турмага жўнатилиши – энди мисли кўрилмаган қатағонлар шароитида ўтадиган сайловларга қарши актдир”, деб айтган Пучдемон. Унинг айтишича, каталонияликлар бунга зўравонликсиз жавоб беришлари керак.

Бу орада Барселонадаги парламент биноси олдида сиёсатчиларнинг озод этилишини талаб қилаётган 50 минг киши тўпланди. Шунга ўхшаш намойиш  шаҳар мэрияси олдида ўтказилган ва бошлангандан 2 соат ўтиб якунланган. Аммо Сант-Жауме майдонига келганларнинг бир қисми мэрия олдида чодирлар ўрнатишган. Уларнинг деворларга осган плакатларига кўра, намойишчилар сиёсатчилар озод этилмагунга қадар намойишни давом эттиришмоқчи.

Аввалроқ Испания олий суди Каталония женералитетининг 8 аъзосини гаров пули эвазига озодликка чиқиш ҳуқуқисиз ҳибсга олди. Уларнинг барчаси исён кўтариш, исён ўтказишга ундаш ва давлат маблағларини суистеъмол қилишда айбланмоқдалар. Айбланувчилар бу жиноятлар учун 30 йилга озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.