Миллиардер Ричард Брэнсонга тегишли Virgin Orbit компанияси фақат Ғарб давлатларига, асосан АҚШга космик хизматларни тақдим этувчи алоҳида янги компания - VOX Space'ни ишга туширди. TechCrunch шу ҳақидаги маълумоти билан бўлишди. 

Янги компанияни яратиш сабаби - Саудия Арабистонининг яқиндагина Брэнсоннинг компанияларига киритган инвестицияларида. Араблар унинг космик тадқиқотларига миллиард доллар киритганидан сўнг улар бизнеснинг бир қисми назоратини ўз қўлларига олишди. Америка қонунлари хорижликлар иштирокидаги компанияларга NASA ва Пентагон хизматларини тақдим этишга имкон бермайди, шунинг учун бу иш билан VOX Space шуғулланади. 

Бунга қадар миллиардернинг уч космик компанияси бўлган - Virgin Galactic (суборбитал космик туризм учун), Virgin Orbit (юк ташувчи миссиялар учун) ва The Spaceship Company (космик ташувчиларни ишлаб чиқариш учун).

VOX Space Брэнсоннинг тўртинчи компанияси бўлди. Компанияга яқин манбанинг таъкидлашича, унинг яратилиши АҚШ ҳукумат тузилмасининг космосга юк ташишга доир хизматларни тақдим этувчи фирмаларга қатъий талаблари натижасидир. АҚШ хориж фирмалари ва фуқароларига бундай компанияларда асосий ролларда иштирок этишни тақиқлайди. Яқинда Саудия Арабистони Брэнсоннинг уч компаниясига миллиард доллар сармоя киритди. Virgin Orbit бу сармоялардан 2019 йилда юкларни орбитага олиб чиқиб, 12 космик парвозни амалга оширишда фойдаланмоқчи. 2020 йилга бориб эса, 24 парвозни амалга ошириш режалаштирилган. 

Ричард Брэнсон нодавлат ташкилотлар учун тижорат парвозлари бозорида пул ишлаб олиш ниятида. Ҳажмига кўра, бу бозор Америка ҳукумат агентликлариникидан анча катта. Бозорнинг ушбу улушини қўлдан чиқармаслик учун у VOX Space'га асос солиб, суғурталанди.