Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтган навбатдаги мажлисида иштирок этган Қирғизистон Бош вазири Сапар Исоқов, Арманистон Бош вазири Карен Карапетян ҳамда Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ёқуб Эюбов билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қирғизистон Бош вазири Сапар Исоқов билан мулоқотда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали алоқалар жадал ривожланаётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. 

Фото: prezident.uz

Сўнгги ойларда бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар ва уларнинг самаралари икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик босқичига кўтарди. 

Қабул қилинган қарор ва эришилган келишувларнинг кенг миқёсда амалга оширилишини таъминлаш масаласи, товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперацияни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. 

Арманистон Бош вазири Карен Карапетян билан учрашувда ўзаро алоқаларнинг мавжуд салоҳияти ва кенг имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. 

Фото: prezident.uz

Давлатимиз раҳбари томонидан ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни, аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қўшма Ҳукумутлараро комиссиянинг самарали фаолиятини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди. 

Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ёқуб Эюбов билан Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо, энергетика, транспорт ва транзит соҳалари, шунингдек, бошқа устувор йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. 

Фото: prezident.uz

Кутилаётган олий даражадаги икки томонлама учрашувларнинг иқтисодий кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. 

Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматлари раҳбарлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва ўз давлатлари раҳбарларининг эзгу тилакларини етказди. 

Икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги аниқ мазмун билан бойитиш йўлидаги фаол ҳамкорликдан томонлар манфаатдор экани таъкидланди.