Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг қарори (2017 йил 27 октябрь) билан янги Спорт ҳакамлари ва уларнинг малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Илгари амалда бўлган Спорт ҳакамлари ва спорт ҳакамларининг малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом (2016 йил 5 февраль) ўз кучини йўқотди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Янги Низомда спорт ҳаками ўз мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда унга нисбатан қўлланиладиган чоралар қатъийлаштирилди.
 
Илгари бундай ҳолларда қуйидаги чоралар қўлланилиши мумкин эди:

•  спорт мусобақаси ҳакамлигидан четлаштириш (спорт мусобақаси ташкилотчиси томонидан);
•  тоифани пасайтириш ёки ундан маҳрум этиш ҳақида огоҳлантириш (ваколатли орган томонидан);
•  тоифани пасайтириш (ваколатли орган томонидан);
•  тоифадан маҳрум этиш (ваколатли орган томонидан).
 
Эндиликда ҳакамларга нисбатан ягона чора қўлланилади – улар спорт федерациялари (уюшмалари)нинг спорт ҳакамлари ҳайъатлари томонидан спорт ҳакамлигидан бутунлай ёки вақтинча четлаштирилади.
 
Бундан ташқари Эндиликда “Биринчи тоифали спорт ҳаками” (шу жумладан, спортнинг техник ва амалий турлари бўйича) тоифаси, тегишлича, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳудудий органлари томонидан берилади. Илгари ушбу тоифа, тегишлича, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (қўмитадан аввалги идора) Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўзи томонидан бериларди.
 
Янги Низомда белгиланишича, “Миллий тоифали спорт ҳаками” тоифасини олишдан олдин “Халқаро тоифали спорт ҳаками” тоифасини қўлга киритган спорт ҳакамининг тоифаси “Миллий тоифали спорт ҳаками” тоифасидаги ҳакам ҳисобланади.
 
Эндиликда “Миллий тоифали спорт ҳаками” тоифасини олишдан олдин “Биринчи тоифали спорт ҳаками” тоифаси берилганига камида 2 йил (илгари - 3 йил) ўтган бўлиши лозим.
 
Ҳужжат 2017 йил 27 октябрдан кучга кирди.