Сўнгги пайтларда Ўзбекистон - Туркия муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Давлат раҳбарларининг қисқа вақт ичида аввал Самарқандда, кейин эса Анқарада бевосита учрашганлари ва муҳим масалаларни ўзаро ҳал қилишгани, Туркия Жумҳурияти президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Биринчи президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириб, мақбарасини зиёрат қилганининг ўзи бу борада катта қадамлар ташланаётганидан далолатдир. Хўш, бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик бизга қандай фойда келтириши мумкин? Бу саволга сиёсатчи ёки иқтисодчи эмас, оддий фуқаро дунёқараши билан жавоб излаб кўрайлик.

Аввало, Туркия тўғрисида умумий тасаввурга эга бўлсак. 80 миллион аҳолиси билан дунёда 18-ўринни, 783.562 км² майдони билан дунёда 36-ўринни эгаллаб турган бу давлат тўрт (Қора, Ўртаер, Мармар ва Эгей) денгиз билан ўралган. Ҳудудининг 97 фоизи Осиёда, 3 фоизи Европада жойлашган бўлса-да, аҳолисининг 20 фоизи айнан Европа ҳудудида яшайди. Жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган ва бу ўринни тобора мустаҳкамлаб бораётган Туркия жумҳурияти билан муносабатлар бизга нималар бериши мумкин деган масалага турли соҳалар кесимида нигоҳ ташлаш мақсадга мувофиқ.

 

Сиёсат

Мамлакатимиз мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва эндигина ўзлигини англаётган ватанимизга кўп жиҳатдан кўмак берган Туркия жумҳурияти улкан империя шаклидаги ўзининг кўҳна тарихи, таҳликали онларда давлат бошқаруви тизимининг кескин ўзгариши ортидан мамлакат сифатида сақланиб қолиши, узоқ давом этган зиддиятлар ва нотинч қўшнилар билан ўзаро муносабатлар силсиласида қатъиятли сиёсий иродага эришган. Қитъалар ўртасидаги кўприкдек бўлган денгизлар қуршовидаги ҳудуд ҳар жиҳатдан муҳим роль ўйнагани боис энг йирик давлатлар ҳам жумҳурият билан ҳисоблашиб келишганини, ўзларининг муносиб ҳамкорлари ўрнида кўришга уринганларини эътироф этиш лозим. Ҳарбий салоҳият жиҳатидан ҳам Туркия дунёнинг етакчилари қаторида туради ва атрофдаги қуролли зиддиятларда ҳамиша ўз сўзини айтиб келади. Шунингдек гуманитар соҳадаги бағрикенглиги ҳам ортиқча исбот талаб қилмайди: Евроиттифоқ ўз сафидаги шунча давлатлар ва иқтисодий қудрати билан Яқин Шарқнинг қон тўкилаётган ҳудудларидан борган 500 мингга яқин қочқинларни қабул қилгани ҳолда, биргина Туркия ҳудудининг ўзидан 3 миллиондан ортиқ жабрдийдалар паноҳ топганини қайд этмоқ кифоя.

Бундан ташқари конституцион тузумни ағдаришга қаратилган қатор ҳаракатларга қарамай Туркия халқининг жипслиги ва оғир онларда ўз жонини аямасликка тайёр турганлиги ҳам яхши ўрнак олишга арзийди.

Фото: Hürriyet

Иқтисод

Дунёни пуллар бошқарадиган бир даврда Туркия Жумҳурияти йил сайин иқтисодий қудратини ошириб бораётгани қатор нуфузли ташкилотлар томонидан тасдиқланган. Ҳозирда Туркия бир триллион долларга яқинлашаётган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича кучли йигирматаликка кира билган. Халқ истеъмолининг деярли барча маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кенг кўламда йўлга қўйилган бу давлатнинг тўқимачлик саноати айниқса ном қозонган. Ўзбек диёрида ҳам кийим-кечак соҳасида иш юритган савдогарлар орасида Туркия моллари савдосидан барака топганлар кўпчиликни ташкил қилганидек, ишлаб чиқарувчилар ичида айни шу каби маҳсулотлар яратиш борасида андоза олаётганлар талайгина. Аммо бу мамлакатни фақат сифатли либослари билан танисак қарашни торроқ олган бўламиз. Туркия қишлоқ хўжалиги, оғир саноат, автомобилсозлик ва кемасозлик, маиший ва ҳарбий техника каби соҳаларда ҳам илғор ҳисобланади. Давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро учрашувида бизнинг юртимизда ҳам Туркия зирҳли техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишув ҳам бу каби ўзига хос маҳсулотга етарлича талаб борлигини англатади. Қолаверса бу давлатнинг инвестицион салоҳияти ҳам жуда улканки, бундан фойдалана билишимиз жуда муҳим.

 

Маданият

Турк маданияти ўзининг ҳудудий ранг-баранглиги, қадимий анъаналари, замонавий кўринишлари билан ҳар биримизга яхши таниш. Хонандаларимиз турк эстрадасига кўп бора мурожаат қилиши ҳам бежизга эмас. Тилининг ширинлиги ва кўпчилигимизга яхши тушунарли эканлиги боис шўх ва рақсбоп қўшиқлари ҳам, фильмлари ҳам ўзбек томошабинлари кўнглидан жой олган. Айниқса турк сериаллари алоҳида мавзу. Яқинда маълум вақт узилишдан сўнг эфирга узатила бошланган бу сериаллар дарҳол рейтингларнинг юқори поғоналарини забт этдилар ва қисқа муддатда ўринларини тиклаб олдилар. Туркия Жумҳуриятининг 94 йиллиги муносабати билан икки томонлама ўтказилган бадиий кечаларда маданиятларимиз уйғунлигига яна бир бор амин бўлдик.

Энди бу каби маданий тадбирларни кўпайтириш ва халқчил қилиб ўтказиш янада мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Адабиёт

Юртимизнинг бир неча авлоди турк адабиётидан баҳра олиб улғайди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Аҳмад Лутфи Қозончи, Азиз Несинларнинг китоблари ҳар бир хонадонга кириб борган бўлса, халқимиз Рашод Нури Гунтекиннинг «Чолиқуши» асарини ўз ардоқли ёзувчиларимизнинг мумтоз асарлари қаторида кўради. 

Фото: President.uz

Туризм

Бу шу қадар кенг қамровли мавзуки, алоҳида мақолага ҳам арзийди. Айнан туризм бўйича Туркия юртдошларимизнинг энг севимли ва оммабоп маскани эканлигига шубҳа йўқ. Тарих ва бугунги кун гўзал тарзда уйғунлашган, турли хил динлар ва миллатлар маданияти қоришиб кетган шаҳарлар, мовий денгизлар ювиб турган ложувард соҳиллар бўйидаги «ҳаммаси жамланган» услубида ишловчи муҳташам меҳмонхоналар, арзон ва сифатли моллар билан тўлган дўконлар, мазаси оғизда қолгувчи таомлар тортилувчи ошхоналар ҳар бир меҳмоннинг дилини чоғ қилади. Айниқса дўкончиларнинг сертакаллуфлиги, харидор харид қилса-қилмаса чой ва ширинликлар билан сийлашларини бизнинг сотувчиларимиз ўргансалар арзийди. Зеро ҳар бир киши билан суҳбатда, ҳар бир томоша ва андак эътиборда бутун давлат қиёфаси шаклланади. Буни яхши англаган ва туризмнинг салоҳиятидан усталик билан фойдалана билган турк қардошларимиздан ибрат ола билишимиз лозим. Чунки меъморий обидалар жиҳатдан Самарқанд Истанбулдан қолишмайди, тарихий мерос бўйича Бухоро Кўниё билан тенг кўрилиши мумкин, таомларимизнинг тоти ҳам турк ошхонаси сингари мазали. Энди уларнинг айнан туризм соҳасидаги тажрибасини ўргана олсак ва йўлга қўйсак, Регистон майдони ёки Арк мажмуаси ёнида ҳам Аё Сўфя ибодатхонаси ёхуд Тўпқопи саройи дарвозаси олдида кузатиладиган сайёҳлардан иборат узундан-узоқ навбатлар ҳосил бўлиши ҳеч гап эмас.

Давлатимиз раҳбарининг туризм салоҳиятидан тўла фойдалана билмаётганимизни таъкидлагани, Президент Эрдўғоннинг Самарқандга ташрифи чоғида бу муаззам шаҳарни зиёрат қилиш унда чуқур таассурот қолдирганини эътироф этгани ҳали қиладиган ишларимиз кўплигини англатади. Зотан, саёҳат қилишни хуш кўрувчи 80 миллион қардошларимиз яшовчи биргина Туркиянигина ўзимизга жалб қила олсак ҳам улкан ютуқларга эришамиз.

Қисқа ёзишни ният қилганимиз ҳолда ҳам андак чўзилиброқ кетган мақоламизни мухтасар қилсак ва сарлавҳада қўйилган саволга бир жумлада жавоб берсак, Туркия каби қудратли давлат билан ўзаро тенглик асосида ҳамкорлик Ўзбекистонга ҳар жиҳатдан фойда бериши шубҳасиз.

Аброр Зоҳидов, Камолиддин Эгамов.