Мазкур мақолани ёзишга мажбур қилган ҳолат Ўзбекистон телевидениесининг «Маҳалла» каналида бериб борилаётган «Халқ билан юзма-юз» ва «Пиёда» кўрсатувларида берилган эпизодлар ва уларда маҳаллий халқнинг эътирозлари бўлди десам ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг халқаро майдонларда обрўсини ошириш, халқимиз яшаш шароитларини яхшилаш учун тинмай жон куйдиришларини кўриб одам ўйланиб қолади, қанийди ҳамма фуқароларимиз, айниқса раҳбар ва мутассадиларимиз ҳам у кишидан ўрнак олганларида нур устига аъло нур бўлган бўлар эди, у киши томонидан қўйилаётган вазифалар ижроси тезлашармиди, деган фикрлар қуйилиб келаверади.

Президентимиз томонидан жуда тез-тез такрорланаётган, эслатиб туриш учун такрорлашлари ҳам бежиз эмас деб ўйлайман, «Ура-ура қиладиган замонлар ўтди» деган шиорга айланиши лозим бўлган фикрлари қанчалик кўп қайтарилаётган бўлсада, аксинча бундай салбий одат янада чуқур илдиз отаётгандай туюлади. Ўзбекистон телевидениесининг турли каналларида «Халқаро пресс клуб»дан андоза олган ҳолда берилаётган, кўпчилик ҳолатда сийқаси чиқиб кетган мавзуларда шакли ёки кўриниши ҳар хилу мазмуни ўзаро бир-бирини такрорлайдиган, беш-олти киши тепада креслога ўтириб олган ҳолда (уларни бошловчилар мутахассислар ёки экспертлар деб номлайдилар) бошловчилар томонидан, залдан ва телефонлар орқали берилаётган саволларга жавоб беришлари кўринишидаги кўрсатувлар, худди шунингдек жуда кўп каналларда «Халқ қабулхонаси» фаолияти бўйича турли номларда берилаётган кўрсатувларни мисол сифатида келтиришимиз мумкин.

Энди масалага батафсил, аниқроқ ва яқинроқ ёндашадиган бўлсак, Бекобод туманидан тайёрланган «Халқ билан юзма юз» кўрсатувида халқ қабулхонасига келган учта фарзандли аёлнинг, турмушидан ажралган ва уйидан чиқариб юборилган аёлнинг ҳамда кўпчилик ҳолатларда аёлларнинг туман ҳокимига мурожаатлари, ҳар қандай одамни ҳам эътиборсиз қолдирмайди. Албатта, учта фарзанди учун кийим-кечак берганлиги ва уйини ёпиши учун туман ҳокими захирасидан 20–30 та шифер ажратишга кўрсатма берганлигини ҳокимнинг муруввати деб ҳисоблашимиз керак.

Бу ерда одамни ўйга толдирадиган бошқа ҳолатлар ҳам мавжудки, буни айтсам тилим, айтмасам дилим куяди. Яъни, мусулмончиликда ҳеч қачон эркак қолиб, аёл киши кимгадир оиласи заруриятидан келиб чиқиб, ялиниб илтимос қилиб бормаган. Бу мусулмончиликда иснод ҳисобланади. Мусулмончиликда оила муаммоларини ҳал қилиш эркакнинг бўйнига ёки елкасига юкланганини ҳар бир эркак ҳам аёл ҳам жуда яхши билади. Эркакларимизнинг эркаклик ғурури қаерда қоляпти ўзи?! Узоққа бормайлик яқин тарихимизда 1000та суннат тўй, 1000та никоҳ тўй деб ҳамма томонга жар солиб мақтадик. Бугунги кундаги халқ қабулхоналарида қилинаётган ишларни мақтаб матбуотда ёритиш ҳам шунга ўхшаб қолмаяптими деган ҳақли савол туғилади.

Алоҳида бир эътибор қилиш зарур бўлган ҳолат шундан иборатки, тарихда тарбияли иззат-иболи аёлларимиз эркак кишининг юзига қарай олмаган, айрим аёлларимизнинг халқ қабулхоналарида раҳбарларимизнинг олдида, айниқса энг ачиналиси — вилоят ҳокимининг олдида ўзини ушлай олмаётганликларини кўрган бошқа аёлларимизда мен ҳам шундай қиладиган бўлсам ўз муаммоимни ҳал қилишимиз мумкин экан-да, деган тушунча ёки дунёқараш шаклланишига сабабчи бўлиб қолмаймизми, деган саволга жавоб қидириб кўришимиз лозим! Акс ҳолда кеч бўлишини эсдан чиқармайлик.

Мусулмончиликда бир нарса борки, ота-онанинг фарзанд олдидаги фарзи ва қарзлари сифатида фарзанд туғилгандан кейин унга чиройли ва муносиб исм қўйиш, ўғил бола туғилса суннатини қилиш, қиз бола туғилса ақиқа қилиб бериш, вояга етганга қадар уларни қорнини тўйғазиш ва устини бут қилиш (кийинтириш), вояга етганидан кейин эса ўғилни уйлантириш, қиз болани эса турмушга узатиш кабилар санаб ўтилади.

Ота-оналаримизнинг юқорида санаб ўтилган фарзанд олдидаги ўзларининг фарз ва қарзларини ижро эта олмасликлари ҳолатларини келиб чиқишини, бундай ҳолатларни бармоқ билан санаш мумкин бўлганида ота-оналарнинг ношудлиги билан изоҳланса, бундай ҳолатларнинг оммавий тус олишини жамиятнинг камчилиги сифатида қараш лозим бўлади.

Юқоридаги фикрларимиздан келиб чиққан ҳолда хулоса чиқариш қийин бўлмаса керак! Ўша пайтларда болаларнинг суннат ва никоҳ тўйларини ўтказиб бериш қилинган ишларимизни кўкларга кўтариб мақташ эмас, балки бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак деган саволга жавоб қидирганимизда тўғри бўлган бўлармиди?

Савол туғилади, бугун ҳам мана шу халқ қабулхоналаридаги бўлаётган ишларни кўкларга кўтариб мақтамасдан, тегишли масалаларга таъсул бўлган мутасадди идоралар нима билан шуғулланаяпти, агар улар ўз вазифаларининг ижросини таъминлаётган бўлса, бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларининг илдизи қаерда деган саволга жавоб топишимиз ва уларни тугатиш устида иш олиб борсак тўғри бўлмайдими? Чунки халқ қабулхоналари орқали бирор бир кишининг муаммосини ҳал қилиш бу шунга ўхшаш муаммоларнинг бутунлай тугатилганлигини билдирмайдику!

Мана шундай ўзимизнинг ўйламасдан қилаётган ҳаракатларимиз орқасидан халқимизда боқимандалик кайфиятини шаклланишига сабабчи бўлиб қолмаяпмизми деган аччиқ, аччиқ бўлса ҳам ҳақиқат бўлган саволга жавоб топишимиз керак бўлади! Халқимизнинг чиройли нақли бор — «Дўст ачитиб гапиради, душман кулдириб». Аччиқ ҳақиқатга тик боқиб ўрганишимиз керак. Хитойликларнинг бир чиройли фалсафий нақли борки, «Балиқ тутиб берманг, балиқ тутишни ўргатиб, қармоқ беринг!». Чунки бугун балиқ тутиб бериб қорнини тўғазсангиз эртага яна қорни очганидан кейин сизнинг балиқ тутиб беришингизни кутиб туради. Аксинса балиқ тутишни ўргатиб, қармоқ берилса қорни очган пайтида балиқни ўзи тутиб ейди, кимдандир нажот кутмайди.

Халқимиз ўртасида боқимандалик кайфияти ортиб бораётганлигига бир мисол: Халқ қабулхонасига мурожаати қилиб дасблабки бадалини кимлардир тўлаб бериш орқали лойиҳавий уйлардан бирига эга бўлган сурхондарёлик фуқаро энди текин машинани хоҳлаб қолганлиги юқоридаги фикримизнинг тўлақонли исботи эмасми?! Айрим ўзига тўқ бўлган фуқароларимизнинг ўзининг қўйган бир масаласини ҳал қилиб олганидан кейин яна Президентимизнинг халқ қабулхонасига 208 маротаба мурожаат қилганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Албатта, ҳақиқатда ҳам ёрдамга муҳтож бўлган айрим фуқаролармизнинг муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бериш керакдир, лекин уни матбуотда кўрсатиб кўкларга кўтариб мақташ амалиётига чек қўйиш лозим! Чунки, ўзбекларда бир гап борки «Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин!». Наҳотки журналистларимиз мана шундай ўзларининг ҳаракатлари билан ўзимизни ўзимиз ёки «ўзбеклигимизни» ерга ураётганликларини тушуниб етмасалар!

Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманидан тайёрланган «Пиёда» кўрсатувларида берилган эпизодлардан бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Журналист бир аёлга мурожаат қилиб, даромади манбасини сўраганда эри ҳар куни чиқиб кетиб, ишлаб топиб келган даромад ҳисобига кун кечиришларини айтганида, пенсия олиш олмаслиги билан қизиққанида эри ҳам ўзи ҳам пенсия ёшида бўлишларига қарасамасдан пенсия олмасликларини айтади. Журналист ҳам, унинг билан бирга борган мутассаддилар ҳам бу ҳолатга эътибор қаратмадилар. Яъни пенсия ёшида бўла туриб, пенсия олмасликларининг сабаби нимада эканлигини тушунтириб бермайди.

Мазкур ҳолат кўпчилик ҳолатларда журналистларимизнинг ихтисослашишларидаги муаммолар ёки уларнинг маълум масалалар бўйича кўрсатувлар тайёрлаганларида махсус тайёрланишга етарли эътибор бермасликлари билан изоҳланади. Чунки халқимизнинг кўпчилигида эртанги кунимизни бевосита белгилаб берадиган шунга ўхшаган масалалар бўйича етарли ҳуқуқий билимларга эга эмасликлари ёки билганда ҳам бир куни билан яшаш одати чуқур илдиз отганлиги натижасида ҳужжатсиз, яъни тегишли тартибда расмийлаштирилмаган ҳолатда норасмий ишга ёлланиш ҳолатлари мана шунга ўхшаш муаммоли ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Яъни, тегишли тартибда расмийлаштирилмаган ҳолатда ёлланиб ишлаш натижасида унга иш стажи ҳам ҳисобланмайди, ундан давлат бюджетига ўрнатилган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов ҳамда суғурта бадали ҳам ўтказиб берилмайди. Худди шунингдек, жамғариб бориладиган пенсия жамғармасига тегишли бадаллар ўтказиб берилмайди. Бунинг натижасида ҳисобот даврида давлат бюджетини тўлдиришда муаммолар келиб чиқади, бюджет ташкилотлари ходимларининг номинал ва реал даромадларини, худди шунингдек сотиб олиш қобилиятини ошириб бориш имкониятлари чекланади. Энг ёмони — пенсия ёшига етган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган пайтда ўз вақтида пенсияга чиқа олмайдилар, албатта 5 йил ўтиб пенсия расмийлаштириш имкониятига эга бўлади, лекин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўрнатилган энг кам миқдорда пенсия оладилар.

Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган 938-XII сонли «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунининг 2-моддасида давлат пенсияларининг турлари сифатида ёшга доир пенсия, ногиронлик пенсияси ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари тайинланиши белгилаб қўйилгандир. Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлиши тартиби ўрнатилган.

Ижтимоий ишлаб чиқаришда банд бўлган, лекин маълум бир сабабларга кўра иш стажлари етарли бўлмаган ҳолатда, қонунда аҳолини ижтимоий ҳимоясини таъминлаш нуқтаи назаридан пенсия расмийлаштириш тартиби ўрнатилган бўлиб, унга асосан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсия тайинлаш учун (7-модда) етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар Қонуннинг 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 5 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда (29-модда) тайинланиши тартиби амал қилади. Пенсия тайинлашда пенсиянинг миқдори икки омилга, яъни иш стажи ва фуқаронинг танловига кўра охирги ўн йилдаги кетма-кет беш йиллик ўртача даромадга боғлиқ бўлишини эътиборга олсак, бундай асосда пненсия расмийлаштирадиган фуқаролар жуда кам миқдордаги пенсия олишлари маълум бўлади.

Бугунги кунда мабуотда, айниқса телевидениеда одамларнинг асабига тегадиган даражада реклама қилинаётган, электр ва газдан фойдаланганлик учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун жавобгарликнинг оширилганлиги тўғрисидаги рекламаларнинг ўрнига мана шундай норасмий ишлаш натижасида ўз вақтида пенсияга чиқа олмасликлари, чиққанларида ҳам жуда кам, бошқаларга нисбатан 3–4 баробар кам пенсия олишлари бўйича фуқароларнинг тегишли ҳуқуқий билимларни оширишга қаратилган рекламалар берилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай рекламалар аҳолининг расмий ишлаш даражасини оширишга хизмат қилади, натижада давлат бюджетининг даромадлари мутаносиб равишда ортади, бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақларини ва пенсияларни ошириш имконияти вужудга келади, ўз навбатида етарли расмий даромадга эга бўлганлар коммунал тўловлар, шу жумладан газ ва электр энергияси бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади.

Худди шунингдек, журналистларимиз ҳам бир хил сийқаси чиқиб кетган мавзуларда, бир бирини такрорловчи ва зерикарли кўрсатувлар тайёрламасдан, халқимизнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган мана шунга ўхшаган мавзулардаги кўрсатувлар ва эшиттиришлар тайёрласалар матбуотнинг обрўсини ҳамда мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати ва маънавий баркомиллигини оширишга ўз ҳиссаларини қўшган бўлар эдилар.

 

Эркин Юсупов,
иқтисод фанлари доктори